САВОБ

САВОБ (араб. — яхшилик, эзгулик, ажр) — диний эътиқодга кўра, худонинг марҳаматига лойиқ иш ва шундай иш учун худонинг марҳамати. Инсоннинг хатти-ҳаракати ва фаолияти яхшилик ва ёмонликдан иборат бўлиб, бу исломда Савоб ва гуноҳ деб аталади. Исломга кўра, диний кўрсатмаларни бажариш, инсон манфаати йўлида фаолият кўрсатиш кабилар Савоб ҳисобланиб, инсоннинг иш китоби (номаи аъмоли)га фаришта воситаси билан ёзиб борилади. Охиратда инсонларнинг Савоб ва гуноҳлари тарозуда тортилиб, натижалар Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилади. Лекин, ҳадиси шарифда таъкидланишича, инсоннинг ҳар қанча Савоб ишлари жаннатга киришга етарли бўла олмайди. Унга кириш Аллохнинг фазли, марҳамати ва эҳсони ҳисобланади. Аллоҳ кўп Савоб ли ишлар қилган бандаларнинг жаннатдаги даражаларини баланд қилади. Савоб сўзи барча яхши ва эзгу ишларга нисбатан ҳам ишлатилади.