САХА

САХА (Saha) Мегнад (1893.6.10, Дакка, ҳоз. Бангладеш — 1956.16.2, Янги Дехли) — ҳинд физиги ва астрофизиги. Лондон Қироллик жамияти аъзоси (1927 й. дан). Калькутта ун-тини тугатган (1915). Калькуттадаги фанлар бўйича Миллий ин-т аъзоси ва президенти (1937—39). Калькуттадаги Ядро физикаси ин-ти асосчиси (1951) ва унинг фахрий аъзоси. Илмий ишлари термодинамика, статистик физика, ионланиш назарияси, нурланиш назарияси, астрофизика, радиотўлқинлар тарқалиши назарияси, ядро физикаси ва б. га оид. Газларнинг юқори трада ионланиш назариясига ва уларни юлдузлар атмосферасини ўрганишда қўллашга оид ишлари фанда катта аҳамиятга эга.

Loading...