САЙФИДДИН БОҲАРЗИЙ МАҚБАРАСИ

САЙФИДДИН БОҲАРЗИЙ МАҚБАРАСИ — Бухородаги меъморий ёдгорлик (13—14-а. лар). Бухоронинг шарқий қисми (эски Фатҳобод мавзеи) да 2 мақбараБаёнқулихон мақбараси ва Сайфиддин Боҳарзий Мақбараси бунёд этилган. Сайфиддин Боҳарзий Мақбарасининг кичик гўрхонаси (13-а. 2-ярми) ва зиёратхонаси (14-а. 2-ярми) чархи гумбазли. Бош тарзидаги пештоқ чуқур равоқли, 2 ёнига гулдасталар ишланган. Пештоқ ва гулдаста оралиғидаги ясси меҳробий токчаларга туйнуклар қилинган. Пештоқ юқорисида равокли дарчалар бор. Зиёратхона ва гўрхона ичидаги гумбаз ости бағали 8 ва 16 қиррали муқарнас безаклар билан тўлдирилган. Мақбарага Шайх Сайфиддин Боҳарзий, унинг 2 ўғли Жамолиддин Муҳаммад ва Мазҳариддин Мутаҳҳар, шунингдек, невараси Абу Муфахир Яҳё, эваралари Хованд Бурҳониддин, Руҳиддин Шайх Довудлар дафн этилган. Амир Темур Бухорога ташриф буюрганда Шайх қабрини албатта зиёрат қилган. Унинг фармони б-н макбара обод қилиниб, зиёратхона ва шарқий пештоқ қурилган. Шайх қабри устидаги ёғоч сағананинг ясалиш услуби, зарҳал безаклари Амир Темур даври ёғоч ўймакорлиги санъатининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади. Сағанада туғилган ва вафот этган сана, Қуръондан оятлар, Шайхни мадҳ этувчи мадҳиялар, рангбаранг нақшлар ўзаро уйғунлашган. Мустақилликдан кейин Сайфиддин Боҳарзий Мақбараси қайта таъмирланиб, ёдгорлик атрофида гўзал Фатҳобод боғи бунёд этидди.

Ад.: Немцева Н. Б., Ханака Сайфаддина Бахарзи в Бухаре, Бухара, 2003.

Loading...