САЙРАМ

САЙРАМ — қадимги шаҳар ва вилоят. Арис дарёси водийсида (Чимкент ш. дан 8 км узоқликда) жойлашган. Тарихда Исфижоб, Ўрунгкент, Еттикент, Мадинат улбайзо, Сарём номлари билан қайд этилади. Сайрам қалъасининг қад. ўрни 28 га дан кўпроқ жойни эгаллаган. Қалъа биринчи марта 840 й. да сомонийлар амири Нуҳ ибн Асад томонидан бунёд этилган. Кўчманчилардан сақланиш учун девор жуда қалин қилиб қурилган. Шаҳарнинг барпо этилгани яқин пайтларгача 1,5 минг йилдан кўпроқ вақт ўтган деб юритиларди. 1988 й. ги археологик қазишмалар шаҳарнинг анча илгари бунёд қилинганлигини исботлади. Қад. аждодлар яшаган манзилгоҳдан Iа. га оид буюмлар топилди. 6 — 19-а. давомида Сайрам 13 марта босқинчилар ҳужумининг гувоҳи бўлган. Манбаларда Сайрам номи биринчи марта Хитой сайёҳи Сюань Цзан (7-а.) томонидан тилга олинади. Араблар босиб олгунига қадар, С халқи буддизм, зардуштийлик, христианлик динларига эътиқод қилган. Мас, унинг кўҳна дарвозаларидан бирининг номини будда ибодатхонаси сифатида таржима қилиш мумкин. Муҳаммад Шайбонийхон 15-а. охирида Ўтрор, Ясси ва Сайрам шаҳарларини ўз қўлига олади. Бу даврдаги тарихий ёдгорликлардан Абдул Азиз бобо ва Қорасоч мақбараси диққатга сазовордир. 1510 й. қозоқхони Қосимхон шайбонийлар қўшинини тормор қилиб, Сайрамни Тошкентга борадиган муҳим таянч манзилига айлантирди. Бу ва ундан кейинги султон Абулхайр даврларида Сдан 3 км узокликда жойлашган Мортепада қозоклар давлатининг Кичик жуз, Ўрта жуз ва Катта жуз вакиллари ҳар йили май ойида тўпланишиб, қарорлар қабул қилишган, кейин уни Туркистонда тасдиқлашган. Улар эъзоз билан Сайрамни она шаҳар, Туркистонни ота шаҳар деб билишган. 1683 й. С. Абулхайр ихтиёркда бўлган бир пайтда жунғорлар (қалмоқлар) ҳужуми бошланади. Қалмоқ хони Хунтайжи Сайрамни талаган. 40 минг асир ҳайдаб кетилган. Асирлар бир йил мобайнида Или дарёси бўйида ушлаб турилган, сўнфа қад. Турфанға ҳайдаб кетилган. Кейинчалик асирлар Қашқарда ўзларининг бой Сайрам шаҳарини барпо этишган. 1758 й. С Қўқон хонлиги ҳудудига қўшиб олинди. 1864 й. Россия босиб олган. 1917 й. га қадар Сайрамда 35 та масжид бўлган. Ҳоз. кунга келиб сақланиб қолган тарихий ёдгорликлар: Қози Байзово мақбараси, жоме масжиди қолдиқлари, Хизр масжид ёнидаги мезана, Мирали бобо мақбараси, шунингдек, шаҳар марказидаги ер ости йўли (уз. 3 км дан ортиқ). Душман ҳужум қилган пайтда аҳоли ушбу ер ости йўлидан фойдаланган. Шаҳар эски қалъасини бузиш пайтида 13-а. га оид танга пуллар, бирбирига ихчам кийдирилган сопол қувурлар, сопол буюмлар, эски ўчоқ ўрни ва б. топилган. Аҳмад Эргашхўжаев.

Loading...