САЙЙИД ҚОСИМИЙ

САЙЙИД ҚОСИМИЙ (15-а.) шоир. Асарларидан маълум бўлишича, С Қ. муҳтожликда кун кечирган. Шарқ классиклари ижодини чуқур ўрганган. Шоирнинг бизгача 4468 мисрадан иборат «Мажмаъ улахбор» (1456—57), «Ҳақиқатнома» (1458—59), «Садоқатнома», «Гулшани роз» дидактик асарлари етиб келган. Уларда замонасининг ижтимоий-сиёсий, ахлоқийтаълимий масалалари акс этган. «Мажмаъ улахбор» достони Низомий ва Ҳайдар Хоразмийнинг «Махзан уласрор»ига назира сифатида ёзилиб, Султон Абдусаид Мирзо (ҳукмронлиги: 1451—69)га бағишланган. Фаридиддин Атторнинг «Илоҳийнома» сига жавоб тариқасида «Садоқатнома» асарини ёзган. «Гулшани роз» шаҳар ҳокими Жамолиддин Саййид Мазид ҳақида, унда Саййид Мазид маърифатпарвар, одил, халққа ва илм аҳлига ғамхўр киши сифатида тасвирланган. Асарда муаллифнинг орзуумидлари баён этилган, унинг ёзишича, инсон ўзидан сўнг икки нарса — ширинсўзлик ҳамда тўғрилик, поклик билан қилинган иш қолдириши керак. Токи у ўлгандан кейин кишилар яхши инсон сифатида эслаб юрсинлар. Асарлари қўлёзмаси Ҳиндистоннинг Рампур ш. даги «Ризо» кутубхонасида (инв. №753, 48, 85), фотонусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади.

Ас: Маснавийлар мажмуаси, Т., 1992.

Ад.: Қосимхонов Б., Саййид Қосимийнинг адабий-дидактик достонлари, Т., 1987.

Prev Article

САЙИС