СЕБОРЕЯ

СЕБОРЕЯ (лот. sebum — ёғ ва юн. rhoia — кечмоқ) — тери касаллиги. Ёғ безлари функциясининг бузилиши билан кечади. Асосан, гипофиз безининг фаолиятига, ёғ алмашинуви ва тери ёғ безлари ишининг бузилишига боғлиқ. Себореяда ёғ безларидан ажралиб чиқадиган ёғ кўпайиб ёки камайиб кетиб, сифати ҳам ўзгаради. Кўпинча балоғатга етаётган ўсмирларда учрайди. Киши қариганида Себорея аломатлари камаяди ёки йўқолиб кетади.

С, асосан, юз, бош, кўкракнинг юқори қисми ва елкада, яъни ёғ безлари кўп жойлашган ерларда учрайди. С билан оғриган кишилар териси устида ишқорий муҳит бўлиб, у йирингли касалликлар пайдо бўлишига олиб келади. Бундай беморлар юзига ҳусунбузар тошади, соч тўкилиб, сийраклашади.

Мойли ва қуруқ Себорея бор. Мойли Себореяда тери ялтираб туради. Тери ёғ безларининг тешиклари кенгайиб кетганлигидан, бурун катаклари атрофидаги тери апельсин пўстига ўхшаб қолади. Ана шу кенгайган ковакларга мугуз қават ҳужайралари, ёғ, чанг ва кир йиғилишидан тери кулранг тусга киради.

Бошдаги сочлар ёғлиқ, ялтироқ, баъзи ерларда бирбирига ёпишган, таги қасмокли бўлади. Тери қаттиқ қичишади, шу боис бемор қичийвериб, бошини тирнаб юборади, ҳатто сизлогич, ширинча каби йирингли касалликлар кузатилади.

Қуруқ Себореяда, аксинча, ёғ кам чиқади, тери юпқа ва қуруқ бўлади. Бошга қазғоқ йиғилади. Баъзан қазғоқ бирбирига ёпишиб, кулранг таангачалар ҳосил қилади. Қазғоқ ва тангачалар остидаги терининг ранги ўзгармайди. Сочлар қуруқ, нозик, мўрт, хира ва учидан иккига айрилган бўлади. Бемор баданига пуштиқизил, усти қипикли, катталиги ва шакли ҳар хил доғлар тушади.

Баъзи бир беморда Себореянинг ҳар иккала хили, яъни баданнинг ёғ безлари кўп жойлашган қисмида ёғли Себорея, терининг бошқа ерларида ҚУРУҚ С. учраши мумкин.

Себореяда аччиқ, ёғлиқ овқатлардан парҳез қилиш, спиртли ичимликлар ичмаслик керак. Спорт билан шуғулланиш, кўпроқ витаминларга бой овқатлар истеъмол қилиш, дам олиш, сайр қилиб, организмни чиниқтириш зарур. Терининг ҳолатига қараб парвариш қилиш (қ. Тери), зарур бўлса, врачга кўрсатиб даволатиш керак.

Prev Article

СЕБАРГА