СЕДАНА

СЕДАНА (Nigella L.) — айиқтовондошлар оиласига мансуб бир йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми; зиравор экин. Асосан, ёввойи Седана (N. integrifolia Rgl.), маданий экма Седана (N. sativa) тури Кавказ ва Ўрта Осиёнинг адир ва тоғларида учрайди. Зиравор ўсимлик сифатида экилади. Бўйи 20 — 75 см, поя тубидаги барглари бутун, юқоридагилари панжасимон бўлинган. Барги (меваси) туклар билан крпланган. Апр. —май ойларида гуллаб уруғлайди. Яхши асал беради. Унинг қорамтир хушбўй уруғларида эфир мойи бор. Нон пиширишда, карам ва бодринг тузлашда, ветеринария ва табобатда ишлатилади. Уруғи очиқ майдонларга эрта баҳорда сепилади. Дамашқ С. си (N. damasceana L.) тури манзарали ўсимлик сифатида экилади. Уруғи таркибида дамасценин алкалоиди ва эфир мойи бор.