СЕГОҲ

СЕГОҲ (форс. — уч ўрин, уч парда) — 1) Ўн икки мақом тизимида маълум шўъба номи. Манбаларда кўрсатилишича, Сегоҳ 3 поғонали товушқатор бўлиб, пардалари 2 та бутун тон оралиғида жойлашган;

2) Шашмақом ва Хоразм мақомлари таркибида бешинчи мақом. Товушқатори эолий (минор) гаммага тўгри келади. Шашмақомдаги Сегоҳнинг мушкилот бўлими — Таснифи С, Хафифи С, Гардуни С, Мухаммаси С, Мухаммаси Ажам, Мухаммаси Мирза Ҳаким, Сақили Бастанигор, наср бўлими — 1 ва 2 гуруҳ шўъбаларидан иборат. Улардан биринчиси Сарахбори С (6 та таронаси ва супориши б-н), Талқини Сегоҳ (таронаси б-н), Насри Сегоҳ (таронаси б-н), Наврўзи Хоро (учта таронаси ва супориши б-н), Наврўзи Ажам (таронаси б-н) ҳамда Уфар ва Супориш қисмларидан иборат. Сегоҳнинг 2 гуруҳ шўъбаси Мўғулчаи Сегоҳ деб номланиб, Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфар қисмларини ўз ичига олган. Сегоҳ мақом пардалари асосида жуда кўп ашула ва чолғу йўллари яратилган: «Сегоҳ», «Гиря» III, «Илғор», «Гулузорим», «Фиғон», «Нимчўпоний» ашулалари, «Мушкилоти Сегоҳ» куйи ва унинг уфари ва б. С. йўлларидан Ўзбекистон композиторлари баракали фойдаланишган (мас, Р. Глиэр ва Т. Содиқовнинг «Лайли ва Мажнун» операси; Ю. Ражабий ва Б. Надеждиннинг ҳамда С. Бобоевнинг «Сегоҳ» симфоник поэмалари, М. Тожиевнинг 3, Т. Курбоновнинг 5симфониялари ва б.).

Prev Article

СЕГМЕНТ

Next Article

СЕГРЕГАЦИЯ