СЕКРЕЦИЯ

СЕКРЕЦИЯ (лот. secretio — ажратиш) — без ҳужайраларида организмнинг ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган махсус маҳсулотлар — секретлар ҳосил бўлиши ва чиқарилиши. Организм ҳаёт фаолияти давомида ҳар бир ҳужайрада ички ёки ташқи муҳитга ажратиладиган метаболизм маҳсулоти ҳосил бўлади. Агар секрет ажратиш махсус ҳужайранинг асосий функцияси бўлса, бу функция С. деб аталади. Ташки ёки экзокрин Секреция (без ҳосил қилган маҳсулот ташқарига чиқарилади), ички ёки эндокрин С, ёхуд инкреция (синтезланган моддалар қон ёки лимфага ажратилади) бўлади. Ҳар қандай безнинг секретор циклида икки: секрет биосинтези ва секрет ажратилиши фазалари бор. Баъзи безларда иккала фаза бир вақтда, айримларида эса бошка пайтда содир бўлиши мумкин. Секреция — ҳужайра ичида синтез қилинган маҳсулотнинг астасекин етилиб, кетма-кет бир органоиддан бошқасига ўтказилиб турадиган изчил жараёндир. Бошланғич маҳсулотлар (аминокислоталар, моносахаридлар, ёғ кислоталари, тузлар) қон ва тўқима суюқлигидан без ҳужайраларига ютилади. Секрет биосинтези (айниқса, оқсил маҳсулотлари) эндоплазматик тўрда бошланади. Бунда ҳужайра мембранасида адсорбланган аминокислоталар (рибосома) рибонуклеин кислота (РНК)си белгиланган кетма-кетлик асосида бирбири б-н бирикади. Синтезланган бошланғич маҳсулот эндоплазматик тўр тирқишлари ва лакуналарда йиғилади, сўнг Гольжи комтекста ўтиб, у ерда етилади. Без ҳужайраларидаги жуда кўп митохондриялар бу жараён учун энергия беради.

Секретор циклнинг иккала фазаси регуляцияси ҳам бир неча бошкарувчи (нерв ва гуморал) омилларнинг ҳамкорликда ёки биринкетин таъсири билан белгиланади (қ. Нейрогуморал регуляция) Секреция нейрогормонларни ишлаб чиқарадиган баъзи нейрон (нейросекретор)лар ва махсус моддалар — медиаторларни ҳосил қиладиган оддий нерв ҳужайралари учун ҳам хос.