СЕЛДАН ҲИМОЯ ВОСИТАЛАРИ — аҳоли пунктлари, саноат корхоналари ва экинзорларни сел вайронгарчилигидан ҳимоя қилишга мўлжалланган ўрмонмелиоратив, гидротехник ва б. тадбирлар мажмуи. Асосий ўрмонмелиоратив тадбирлар: тоғ ёнбағирларида, сунъий терассалар ва ўзан бўйларида ёппасига ёки қисман ўрмон дарахтлари экиш, ихота дарахтзорлари барпо қилиш (қ. Агроўрмон мелиорацияси). Бу тадбирлар, асосан, сел оқимлари ҳосил бўлишига йўл қўймаслик, муайян ҳавзанинг сел фаоллигини пасайтириш ва унинг кучини қирқишга қаратилган. Ўрмон мелиорацияси самарадорлиги, одатда, анча вақт ўтгандан сўнг сезилади. Mac, Оқтош (Тошкент вилояти), Омонқўтон (Самарқанд вилояти)да ўрмон мелиорацияси тадбирлари натижасида сув режими анча яхшиланди, тупроқ эрозияси ва сел оқимларининг вайронгарчилик хавфи камайди. Селга қарши асосий гидротехника иншоотлари: бетон, темирбетон ва б. материаллардан қуриладиган қирғоқ ҳимоя қопламалари, сел ўтказгич, нов, сел ташлагич, қувур, сел ва сув омборлари, сел тўсгич ва б. Уларнинг асосий вазифаси — сел оқимларини тўсиб қолиш, четга буриб ёки безарар ўтказиб юборишдан иборат. Иншоот тури жой хусусиятлари ва сув оқими турига қараб танланади. Дарёлар йўлида сув омборлари қурилиб, оқим тартибга солинади, сел оқимлари тўсилади. Майда ва мавсумий сув оқимларида сел омбори қурилади, сувни йиғиб, бир қисмидан суғоришда фойдаланишга имкон беради. Тоғ олди р-нларидаги адирларда мавсумий сув оқимлари йўлида омборлар ва махсус сувбургич каналлар, сел ташлагич йўллар (трактлар) барпо этилади. Сел ўзанларининг ирригация ва б. каналлар билан кесишган жойларида сел оқимларини ўтказиб юборадиган сел ўтказгич, дюкер, сел ташлагич ва ш. к. иншоотлар қурилади. Сел хавфи катта бўлган ҳавзаларда 40—50 ва ундан ҳам кўп сел омборларидан иборат бўлган селга қарши системалар қурилади (мас, Андижон ш. ни селдан ҳимоя қилиш системаси ва б.). Селга қарши курашда ўрмонмелиоратив ва гидротехника усулларидан бирга фойдаланиш юқори самара беради.
Ҳамидулла Исмоғилов.