СЕЛЬСИН

СЕЛЬСИН [инг. self — ўзим ва юн. synchrons — бир вақтда, синхрон] — бирбирига механик тарзда бириккан қурилма валининг бурилиш бурчагини маълум масофадаги иккинчи валга синхрон узатадиган индукцион электр машина. Етакчи валнинг бурилиш бурчаги датчиги сигналларини узатадиган Сельсин датчик, етакланувчи вални худди шу бурчакка бурадиган Сельсин қабул қилгичдан иборат. Ҳар бир Сельсиннинг бирламчи чулғамида ҳосил бўладиган бир фазали ўзгарувчан оқим иккиламчи чулғамда фазалари мос келадиган, аммо қиймати бўйича фарқ қиладиган уч хил э. ю. к. ни индукциялайди. Датчик ва қабул қилгич роторлари синфаз (бир хил) ҳолатда бўлганда иккала Сельсиннинг иккиламчи чулғамдаги э. ю. к. ўзаро мувозанатлашади, натижада иккинчи занжирда ток бўлмайди. Датчик ротори қабул қилгич роторига нисбатан бурилганда иккиламчи чулғамлардаги э. ю. к. ўзгаради, натижада роторни бир хил ҳолатга келтиришга интиладиган, мослаштирувчи ток ҳосил бўлади. Сельсин технологик жараёнларни назорат қилиш ва бошқариш, ўлчаш асбоблари кўрсатган маълумотларни масофага узатиш учун ишлатилади.

Loading...