СЕМАСИОЛОГИЯ (юн. semasia — маъно, мазмун ва… логия) — 1) тилнинг, тил бирликларининг ҳиссий идрок қилинадиган томонига, товуш, акустик ёки график кўринишига қарши қўйиладиган маъновий томонини ўрганадиган тилшунослик бўлими. Семасиология нафақат алоҳида олинган лексик унсурлар — морфема ва сўзларнинг, балки грамматик унсурлар — сўз шакллари, грамматик морфемаларнинг ҳам семантикаати ўрганади. Жаҳондаги барча тилларни параллел ўрганишда тил ва тафаккур муносабати муаммосини ўрганувчи умумий Семасиология керак бўлади;
2) лексик унсурлар — морфема ва сўзларнинг семантик мазмуни ҳақидаги фан, шу маънода, асосан, лексикология билан мувофиқ келади. Айрим олимлар Семасиологияни лексик унсурларнинг маъновий ўзгаришлари (маъно тараққиёти) ҳақидаги таълимот б-н — ички (аффикссиз) сўз ясалиши билан чегаралаб қўядилар. Бу ҳолатда С, этимология сингари, лексикология билан чамбарчас боғлиқ бўлади ва сўзларнинг Кучма маънолари, шакл ва маъно муносабатига кўра турлари (омонимлар, синонимлар, антонимлар, паронимлар) С. нинг тадқиқот объекти бўлиб ҳисобланади.
Абдуваҳоб Мадвалиев.