СЕМИОТИКА

СЕМИОТИКА (юн. semeiotikos — белгилар ҳақидаги таълимот) , семиология — 1) ахборот, маълумотларни саклаш ва узатиш учун хизмат қиладиган белгилар ва белги тизимларининг умумий хусусиятларини ўрганадиган фан соҳаси; 2) у ёки бу объектнинг 1маънодаги Семиотика нуқтаи назаридан ўрганиладиган тизими (мас, муайян фильм ёки бадиий асар С. си, муайян халқдаги муомаламурожаат Семиотикаси ва б.).

Лингвистик Семиотика даги асосий тушунча лисоний белги бўлиб, у муайян матнлардаги ва муомала вазиятидаги шакл ва мазмуннинг диалектик бирлиги сифатида намоён бўлади. Белги ўзи шартли равишда алоқадор бўлган нарса ҳақида муайян жамият вакилларига хабар беради. Белгиларнинг энг муҳим ва мураккаб тизими тилшунослик ўрганадиган тилдир. Белги тизимлари табиий (инсон тили, хайвонларнинг белги тизимлари) ва сунъий (ясама, сунъий тиллар, дастурлаш тили, физика, кимё, математика ва мантиқдаги рамзлар тизими) бўлади. Белгилар ва белги тизимларини ўрганишда синтактика, семантика ва прагматика ўзаро ажратилади. Синтактика нутқзанжирида ёки муайян матнда кетма-кет, изчил қўлланадиган тил бирликлари ўртасидаги ўзига хос муносабатларни ўрганади. Семантика белгиларнинг улар ифодалайдиган объектлар билан муносабатини ўрганади. Прагматика эса белгилар, улар ифодалайдиган объектлар ҳамда белгилар тизимидан фойдаланувчилар ўртасидаги муносабатни ўрганади.

Семиотиканинг «белгилар ҳақидаги фан» сифатида умумий кридалари, хусусиятлари дастлаб америкалик мантиқшунос Ч. С. Пирс ва швейцариялик тилшунос Ф. де Соссюр асарларида бир вақтнинг ўзида ва мустақил равишда қайд этилган. Ушбу тушунча учун Ч. С. Пирс «Семиотика» терминини. Ф. де Соссюр эса «семиология» терминини, қўллаган. Семиотика гояси кейинчалик америкалик файласуф Ч. У. Моррис томонидан тартибга солиниб ривожлантирилди. Бир қанча европа ва рус олимлари ҳам Семиотиканинг ривожига ҳисса қўшганлар. Фалсафий фанлардан ҳисобланадиган умумий Семиотика ва махсус семиотик фанлар, жумладан, тил Семиотикаси (глоттосемиотика ёки лингвосемиотика) фаркланади. Семиотика тараққиёти функционал структур тилшунослик тараққиёти б-н узвий богликдир. Семиотика муаммоларини ишлаб чиқиш математик мантиқ, математик лингвистика, информатика ва б. учун хам муҳим аҳамиятга эга.

Ад.: Степанов Ю. С, Семиотика, М., 1971.

Абдуваҳоб Мадвалиев, Ибодулла Мирзаев.

Loading...