СЕМУРҒ — шарқ халқлари оғзаки поэтик ижодидаги афсонавий қуш образи; осмонда учиш, узоқ манзилни яқин қилиш ҳақидаги асрий орзуумидларнинг рамзий ифодаси. Дастлаб Эрон мифологиясида пайдо бўлган. «Авесто»дасенемург шаклида ишлатилган. Семурғ ўзбек халқ эртак ва афсоналарида ижобий қаҳрамоннинг дўсти, ҳимоячиси, ҳамроҳи, уни «етти зулмат ичи»дан олиб чиқувчи фантастик қуш сифатида гавдаланади. Туркий халқларда Семурғнинг Ҳумо, Анқо, Давлат қуши, Вахт қуши, Марқумомо, Кунтубулғон, Булбулигўё ва б. вариантлари бор. С. образи «Қаҳрамон», «Ойнаи жаҳоннамо», «Рустам», «Кенжа ботир» каби эртакларда кенг тасвирланган. Бу образ ёзма адабиётда ҳам учрайди (мас, Навоийнинг «Лисон уттайр» асари ва б.). С ҳақидаги афсоналар асосида Ҳамид Олимжон «Паризод ва Бунёд» асарини ёзган. Уларда афсонавий образ шартли восита сифатида муаллифларга қад. ўтмишдаги реал воқелик ҳақида фикр юритиш имконини беради. Ўзбекфильм киностудияси «Семурғ» фильмини яратган (1974). Семурғнинг Ҳумо варианти Ўзбекистон Давлат гербига асос қилиб олинган, шунингдек, Тошкентдаги «Туркистон» саройи олдида унинг рамзий монументи ўрнатилган.