СЕНАТ (лот. senatus — кекса) — 1) Қад. Рим Республикаси даврида олий ҳокимият органи;
2) Россияда 1711 — 1917 й. ларда ҳокимлик қилувчи Сенат — қонун чиқарувчи ва давлатни бошқарувчи олий давлат органи. 19-а. нинг 1-ярмидан олий суд органи; 1864 й. дан эса олий кассация инстанцияси. Бош прокурор томонидан бошкариб турилган (унинг ўзи 1802 й. дан адлия вазири). Сенаторларни император тайинлаган;
3) бир канча давлатларда (Италия, Франция, АҚШ, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам) парламент юқори палатасининг номи. Одатда, қуйи палатага нисбатан бошқача тартибда сайланади. Федерацияларда (мас, АҚШда) ҳар қайси штатдан 2 тадан сенатор сайланади; одатда, сенаторларнинг 1/3 қисми ҳар 2—3 йилда алмаштириб турилади. Баъзи ҳолларда Сенат муайян суд ваколатларига эга бўлади.
Ўзбекистон Республикасида Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент ш. дан тенг микдорда — 6 кишидан сайланади. Сенатнинг 16 нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, и. ч. соҳасида, давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқдарида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси С. ининг (жами 100 сенатор) ваколат муддати 5 й. Унинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги (2002 й. 4 апр.), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги (2002 й., 12 дек.) конституциявий қонунларга, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги (2003 й. 29 авг.) конунга мувофиқ ташкил этилади.