СЕПКИСОЙ

СЕПКИСОЙСамарқанд вилоятининг ғарбида Қашқадарё ҳавзасидаги дарё. 1100 м баландликдаги булоқдан бошланади. Юқори оқимида Жиничка номи билан маълум. Қашқадарёгача етиб бормайди. Хонуй қишлоғидан 2 км шим. ғарбда тугайди. Уз. 39 км, ҳавзасининг майд. 180 км2. Қорёмғир сувларидан тўйинади. Ингичка шаҳарчаси ёнида кўп йиллик ўртача сув сарфи 0,36 м3/сек., оқим модули 2 л/сек, км2. Ўртача йиллик сув сарфи 1,13 м3/сек. дан (серсув йилда) 0,025 м3/сек. гача (камсувли йилда) ўзгаради. Сув тошқини фев. ўртасидан бошланади. Сувнинг энг кўп суткалик сарфи шу ойда (баъзида мартда) кузатилади. Сув тошқини апр. бошларида тугайди. Окт. —дек. да (ҳар йили эмас) ёмғир сувлари тўпланиб қолади. Ингичка шаҳарчасидан пастрокда дарё суви экин майдонларини суғоришга сарфланади ва Сепки қишлоғидан пастда қуриб қолади.

Prev Article

СЕПАРАТИЗМ

Next Article

СЕПСИС