СЕРГЕЛИ

СЕРГЕЛИ, сирғали — ўзбек ва қозоқ халқи таркибига кирган қабилалар уюшмаси. Катта жуз таркибига кирган. Сергели ларнингбир кисми Зарафшон воҳаси қипчоклари ва Жиззах вилояти юзларининг таркибига майда уруғ сифатида қўшилганлар. Тошкент уездининг Еттикент, Оқжар, Зангиота, Қўшқўрғон, Ниёзбек волостлари ва Тошкент воҳасида Сергелилар 1074 хонадон (8125 киши)ни ташкил этган (1920 й. да ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра). 19-а. ва 20-а. бошларида Қозиқурт, Қаржон, Чимён тогларининг этакларида, Бодом, Келес, Чирчиқ, Оқсоқота дарёлари воҳаларида яшаган. Сергелилар таркибида 12 қабила (бойжигит, шалдар, ботир, жайдақ, қайчили, қоракунгирдак, оқкунгирдак, қоработир, тутамғали, элибой, жанабой, айтбўзим) мавжуд бўлган. Бу қабилалар, ўз навбатида, бир қанча майда уруғларга бўлинган. Сергели ларнинг ўз тамғаси ва урони (сурони) мавжуд бўлган. Улар этногенезига кўра, дўглат, уйсун қабилалари б-н қардош ҳисобланади. Сергелилар, асосан, ярим кўчманчи чорвачилик, қисман деҳқончилик, ҳунармандчилик (алача, шол тўқиш, кигиз босиш) билан шуғулланган. Сергели ларнинг авлодлари Тошкент вилоятининг Янгийўл, Юқори Чирчиқ туманларида ва Чимкент вилоятида яшаб келмоқда. Айрим туманлар топонимида Сергелилар таркибидаги уруғ номлари сақланиб қолган. Тошкент ш. даги туманлардан бири Сергели деб аталади.

Ад.: Шониёзов К. Ш., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001.

Prev Article

СЕРВАНТЕС

Next Article

СЕРДОЛИК