СЕРЖУН ЭЧКИ ЗОТИ

СЕРЖУН ЭЧКИ ЗОТИ — бир хил толалардан иборат ярим майин жун берадиган эчки зоти. 1937—62 й. ларда Ўрта Осиёда маҳаллий дағал жунли эчкиларни ангор зоти такалари билан такрорий чатиштириш усули орқали чиқарилган. Тана тузилиши чоғроқ. Такалари ўртача 55—56 кг, эчкилари 38 — 40 кг келади. Қирқиб олинадиган жун чиқими такаларидан 3—4 кг, эчкиларидан 1,2—2 кг. 4—5 ой эмизиш даврида эчкилари 120 кг гача сут беради.

Жуни ангор типида, ярим майин, оқ, товланувчан, уз. 18—22 см. Тоза жун чиқими 75—80%. С. э. з. баланд тоғ ва дашт яйловларида йил давомида боқишга мослашган. Уни такомиллаштириш бўйича наслчилик ишлари давом этмоқда (2004). Бу эчки зотидан маҳаллий дағал жунли эчкиларнинг жун сифатини яхшилашда фойдаланилади. Ўзбекистон (Наманган. Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари), Тожикистон (Суғд вилояти), Қирғизистон (Ўш, Жалолобод вилоятлари), Қозоғистон (Семипалатинск вилояти), Шим. Кавказ ва б. жойларда боқилади.

Ад.: Воробьев П. А. и др., Овцеводство, козоводство и технология производства шерсти и мяса, М., 1988.