СЕРОЛОГИЯ (лот. serum — зардоб ва…логия) — иммунология фанининг бир бўлими; қон зардобининг иммун хоссаларини ўрганади. Серологик реакциялар агглютинация, пассив гемагглютинация, преципитацияга ва нейтраллаш реакцияси (мас, микробни), гемагглютинацияни тормозлаш реакциясига бўлинади. Бир қанча «оддий» реакциялардан мураккаб серологик реакциялар: бактериолиз, комплемент боғлаш реакцияси вужудга келади. Микроорганизмларнинг ҳаракатчан турларини аниклаш (мас, захмда рангеиз трепонемаларни иммобилизация қилиш реакцияси), серологик реакцияларнинг алоҳида туридир. Серологик реакциялар инфекцион ва ноинфекцион иммунологияда илмий ва диагностика (қ. Серодиагностика) мақсадида қўлланади. Улардан қон қуйишда, қон группасини, оқсилларнинг индивидуал ва ўзига хос хусусиятларини аниклашда фойдаланилади. Иммун ва диагностик зардобларни олиш, уларнинг фаоллигини аниқлаш хамда таъсир этиш механизмини ўрганиш усулларини ишлаб чиқиш Серологиянинг асосий вазифасидир.