СЭЙ

СЭЙ (Say) Жан Батист (1767.5.1, Лион — 1832.15.11, Париж) — француз иктисодчиси, тадбиркор, йирик буржуазия мафкурачиси, эркин савдо ва давлатнинг иктисодиётга аралашмаслик тарафдори. Сэй 1819 й. да Санъат ва ҳунармандлик миллий консерваториясида саноат иқтисодиёти кафедрасини бошқарди, 1831 й. дан Коллеж де Франсда сиёсий иқтисод проф. А. Смит таълимотини таргаб этиш ва уни тўлиқ изоҳлаш баҳонасида Сэй устозининг ғояларини ривожлантирди ва тўлдирди. Сэй иқтисодчилардан биринчи бўлиб бойликнинг меҳнат назариясини нафлиликка асосланган субъектив назария билан алмаштиришга уринди. У ишлаб чиқариш. омиллари назариясини асослаб қийматни яратиш жараёнида меҳнат, капитал ва табиат (кўпроқ ер)нинг тенг иштироки ғоясини илгари сурди. Ишлаб чиқариш. нинг омили нархи ундан ишлаб чикариладиган товар нархи билан, охироқибатда бу товарга бўлган талаб билан белгиланади. Сэй умумий товарлар ортикчалиги мавжуд бўлиши имкониятларини инкор этади. Сэй томонидан ишлаб чиқариш (таклиф) ўзига мос истеъмол (талаб)ни юзага келтириши асосланган бозорлар назарияси (бозорлар қонуни; «Сэй қонуни» деб ҳам аталади) таърифлаб берилди. Асосий асарлари: «Сиёсий иқтисод рисоласи» (1903), «Сиёсий иқтисод катехизиси» (1917), 6 жилдли «Сиёсий иқтисод курси» (1828 — 1830), «Тўлиқ амалий сиёсий иқтисод курси» (1829) ва б.

Next Article

СЮЖЕТ