СЕЙСМИК ТЎЛҚИНЛАР

СЕЙСМИК ТЎЛҚИНЛАРзилзила ўчоғи, портлаш, кучли зарба ва б. тебраниш ҳамда силкиниш манбаларидан тарқаладиган тебранишлар. Кучли зилзила ўчоғига яқин жойларда Сейсмик тўлқинлар секунднинг 1/10 улушига тенг вақтда вайрон қилувчи кучга эга бўлади. Эпицентрдан анча узоқ масофадаги Ст. эластик тўлқинлар ҳисобланади. Деформация турига кўра, бўйлама, кўндаланг ва сиртки тўлқинлар; тарқалишига кўра, тўғри, акс этадиган, синган, рефракцион, дифракцион ва алмашинувчи тўлқинлар; тарқалиш вақтига кўра, мунтазам ва номунтазам тўлқинлар; сейсмик разведкада фойдаланилишига кўра, фойдали ва халақит берувчи тўлқинларга бўлинади. Энг кўп тарқалгани бўйлама тўлқинлар ва кўндаланг тўлқинлардир. Бўйлама Сейсмик тўлқинлар ҳаракати натижасида муҳитнинг ҳажми ўзгаради — сиқилади ҳамда чўзилади. Муҳит заррачасининг тебраниши тўлқин тарқалиш йўналиши бўйлаб содир бўлади. Кўндаланг Сейсмик тўлқинлар муҳитда ҳажмий ўзгаришлар ҳосил қилмайди, муҳит заррачасининг тебраниши тўлқин тарқалиши йўналишига перпендикуляр бўлади. Бўйлама тўлқинлар ер қобиғи, мантияси ва ядросини, кўндаланг тўлқинлар эса фақат ер қобиғи ва мантиясини кесиб ўтади. Ернинг ядроси суюқ ҳолатда бўлганлиги учун ундан кўндаланг тўлқинлар ўта олмайди. Тўлқинлар ҳар хил тезлик билан тарқалади. Энг тез тарқалувчи тўлқин бўйлама тўлқин. Сейсмик тўлқинларнинг умумий қуввати магнитуда (М) билан белгиланади (қ. Зилзила). Ер юзасида Сейсмик тўлқинларнинг тарқалишини кузатиш ернинг тузилишини ўрганишга имкон беради. Нефть ва газ конлари геологиясини ўрганиш, турли структураларни топиш ва уларни чуқур пармалашда, муҳандислик геологиясининг муҳим масалаларини ҳал этишда Сейсмик тўлқинлар хисобга олинади.

Қаҳҳорбек Абдуллабеков.

Prev Article

СЕЙМ