СЕЙСМОГРАММА (сейсмо… ва …грамма) — зилзила ёки портлаш натижасида вужудга келадиган ер тебранишлари ёки силкинишларини махсус асбоб (сейсмограф)ларда қайд этилган ёзуви. Ер қимирлаганда (ёки портлаш пайтида) грунт зарралари силжийди, бу силжишнинг тезлиги ва тезланиши бўлади. Силжишлар графиги С, тезликлар ёзуви велосиграмма, тезланиш ёзувлари эса акселерограмма деб аталади. Зилзилани қайд этиш муаммолари билан олимлар (мас, Хитой олими Чжин Хэн, 78—139 йиллар) милоднинг бошидан бошлаб шуғулланган, аммо тебранишларни ёзиб олишнинг мукаммал гальванометрик усули 20-а. да яратилди. Сдан фойдаланиб зилзиланинг кучи (балл) ва энергияси (магнитуда)ни аниклаш мумкин. Сейсмограмма асосида сейсмик тўлқинлар тарқалган муҳитнинг тузилиши ҳақида маълумотлар олинади.
Зилзила (ёки портлаш) манбаидан 3 хил: бўйлама, кўндаланг ва сиртки тўлқинлар тарқалади. Сейсмик тўлкинлар бирбиридан хусусиятлари ва тарқалиш тезлиги билан фарқ килади. Бўйлама тўлқинларнинг тарқалиш тезлиги катта (~ 8 км/с) бўлганлиги сабабли, Ер тўлқинлар даракчи ролини ўйнаб, кейинги тўлқинларнинг келишидан огоҳлантиради (раемда Сейсмограмманинг бошланғич қисми). Кўндаланг тўлқинларнинг тарқалиш тезлиги (~ 5 км/с) кичикроқ бўлганлиги сабабли, сейсмостяга кечроқ етиб келади. Бу тўлқинларнинг тебраниш амплитудалари ва тезланиши катта бўлади, шу сабабли бино ва иншоотлар учун кўндаланг тўлқинлар хавфли ҳисобланади (С. нинг ўрта қисми). Сиртки тўлқинларнинг тезлиги аввалгилариникидан кичикроқбўлади С(. нинг охирлари). Сейсмограмма ёрдамида турли сейсмик тўлқинларнинг кузатилаётган пунктга келган вақти, зилзила пайдо бўлган вақт, зилзила ўчоғи ва кучи аникланади. Сейсмограмма зилзила (ёки портлаш) натижасида тўлқинлар тарқалган муҳитнинг тузилишини акс эттиради.