СЕЙСМОЛОГИЯ

СЕЙСМОЛОГИЯ (сейсмо… ва …логия) — зилзилалар, уларнинг содир бўлиш сабаблари ва оқибатларини ўрганадиган геофизика бўлими. Сейсмология физика ва геология фанлари билан узвий боғлиқ. Зилзилаларни Ернинг геологик тузилишига боғлаб ўрганади. Сейсмология вазифаси ва тадқиқот усулларига кўра, хусусий, сейсмометрия ва амалий Сейсмологияга бўлинади. Хусусий Сейсмология зилзила, унингсабаблари, зилзилалар билан боғлиқ қодисаларнинг физик ва геологик томонларини ўрганади. Сейсмометрия тебранишлар назарияси, зилзила вақтида ер юзасидаги тебранишларни ўлчаш усуллари, зарур асбоблар ишлаб чиқиш каби масалаларни ўз ичига олади. Амалий Сейсмология зилзилабардош иншоотлар қуриш масаласи билан шуғулланади. Сейсмологик тадқиқотлар сейсмик стялардан олинадиган ва илмий марказларда умумлаштириладиган маълумотлар асосида ўтказилади. Ернинг сейсмик ҳолатини ўрганиш натижасида ҳар бир ҳудуднинг сейсмик харитаси тузилади, кичик, майдонлар (қурилиш объеклари) учун сейсмик ҳудудлаштириш амалга оширилади. Сейсмологиянинг сейсмик зондлаш, сейсмик каротаж, сейсмик разведка каби усуллари маълум. Зилзила жараёнида вужудга келган сейсмик тўлқинларни ўрганиш натижасида Ернинг ички тузилишини билиш мумкин. Сейсмология кучли зилзилаларнинг сабабларини аниқлаш ҳамда зилзилабардош бинолар қуриш (қ. Сейсмобардош қурилиш) йўлларини қидириб топиш билан боглиқ ҳолда вужудга келди. С мустақил фан сифатида 19-а. 2-ярмида геол. ва физика фанлари эришган ютуклар натижасида ривожлана бошлади. 19-а. охирларидан бошлаб Сейсмологияда асбоблар ёрдамида кузатиш ҳамда физикматематик тадқиқот усуллари қўлланила бошлади. Сейсмологиянинг шаклланишида рус олими Б. Б. Голицин, немис геофизиги Э. Вихерт (19-а. охири 20-а. боши), Б. Гутенберг, инглиз олимлари Ж. Милн (19-а. 2-ярми), X. Жефрис, югославиялик геофизик А. Мохоровичич, япониялик Ф. Омори (20а. боши) ва б. катта ҳисса қўшдилар. Россияда 1888 й. Россия География жамиятининг Сейсмик комиссияси тузилган. Собиқ СССРда Сейсмологияга оид асосий тадқиқотлар СССР ФА Ер физикаси интида олиб борилган. Тошкентда биринчи сейсмик ст-я 1901 й. ишга туширилди ва Ўзбекистонда мунтазам инструментал сейсмологик кузатишлар бошланди. Тошкент зилзиласи (1966) Ўзбекистонда Сейсмологиянинг ривожланишида муҳим туртки бўлди. Ўзбекистон ФА қошида Сейсмология институти ташкил этилди, Тошкент зилзиласининг сабаб ва оқибатлари ўрганила бошлади. Ўзбекистонда зилзила ҳақидаги билимлар доираси кенгайди, зилзила даракчиларини аниқлашга доир и. т. ишлари амалга оширилди. Сейсмик ст-ялар сони кўпайди, Тошкент геодинамик полигони (табиий лаб.) ташкил этилиб, зарур асбоблар билан жиҳозланди. Бу полигонда турли усуллар ёрдамида кузатиш олиб борилади. Ўзбекистонда ернинг ички тузилишини, зилзила физикасини ўрганиш зилзилани олдиндан билиш, сеймик аппаратлар яратиш ва мавжудларини такомиллаштириш, 1966 йилги Тошкент зилзиласи сабабларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва б. масалалар билан шуғулланилади. Сейсмология ин-тида ер ости сувлари таркибидаги турли инерт газлар ва кимёвий элементлар микдорининг зилзиладан олдин кескин ўзгаришлари кашф этилди (Мавлонов Ғ. О., Султан хўжаев А. Н., Уломов В. И. ва б., 1973 й.), ер ости сувларидаги радон гази миқдорини ўлчайдиган асбоб яратилди, Ўзбекистон худудини сейсмик ҳудудлаштириш ва сейсмотектоник хариталар тузилди. Зилзила жараёнида ер ости сувларининг кимёвий таркиби ўзгариши илмий жиҳатдан исботланди. Ўзбекистонда Сейсмология фани тараққиётига Ғ. О. Мавлонов, К, Абдуллабеков, Е. М. Бутовская, В. И. Уломов ва б. катта хисса қўшишган.

Қаҳҳорбек Абдуллабеков.

Loading...