СЕЗГИ

СЕЗГИ — оламдаги нарса ва ҳодисалар айрим хоссаларининг миядаги инъикоси. Материянинг Сезги аъзоларига таъсир кўрсатиб, бош мия пўстлоғи нерв марказини қўзғатиши асосида пайдо бўлади. Сезги дунёни билишнинг биринчи босқичи ва таркибий қисмидир. Сезгилар асосида ҳиссий билишнинг идрок, тасаввур каби шакллари юзага келади. Ташқи қўзғовчиларнинг ўзига хос хусусиятларига қараб, барча Сезгилар бадан С. си (туйиш), кўриш С. си, эшитиш С. си, ҳид билиш С. си, таъм билиш С. си ва б. турларга бўлинади. Сезги физик, физиологик, психологик жараёнларда пайдо бўлади. Физик жараёнда ҳар қандай нарса ва ҳодисалар Сезги аъзоларига таъсир этиб, тегишли сезувчи нервнинг чекка учларини қўзғайди. Физиологик жараёнда қўзғалиш нервнинг ўтказувчи йўли орқали бош мия пўстининг тегишли марказий ҳужайралар тизимига ўтади. Психологик жараёнда нерв қўзғалишида бизга таъсир этган қўзғовчининг анализи пайдо бўлади ва у синтезга айланади — С. пайдо бўлади. Сезги аъзолари мия катта ярим шарлари фаолияти билан боғлиқ. Инсонда воқеликни билишда кўриш Сезгиси етакчи ўринни эгаллайди. Сезгиларни қаерда жойлашганлигига қараб 3 га ажратиш мумкин:

1) экстрорецепторлар — булар организм сиртида бўлади, уларга кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш, туйиш Сезги лари киради;

2) интерорецепторлар — танамиз ичидаги Сезгилар, буларга ичак, жигар, ўпкадаги Сезгилар киради;

3) проприрецепторлар — мускул, пай, бойламларда бўлади. Сезги ларнинг ҳаммаси ўзига хос хусусият ва қонуниятларга эга.