СЕЗУВЧАНЛИК

СЕЗУВЧАНЛИК, сезгирлик, таъсирчанлик — тирик организмнинг ташқи ва ички муҳит таъсирини қабул қилиш хусусияти; тор маънода анализаторларнинг қўзғатувчиларга жавоб қайтариш қобилияти. Нерв системасига эга ҳайвонларда ихтисослашган сезиш ҳужайра (рецептор)лари турли қўзғатувчиларга нисбатан юқори даражада танлаш сезувчанлигига эга. Мутлақ ва дифференциал С. фарқ қилинади. Анализаторлар қўзғатувчиларнинг минимал даражадаги энг кучсиз таъсири (сезгининг мутлақ чегараси)ни сезиш қобилияти мутлақ Сезувчанликни ифодалайди. Сезгининг мутлақ чегараси билан мутлақ Сезувчанлик бирбирига тескари пропорционалдир. Мас, бир стакан чойдаги ширинликни сезиш учун бир одам 1 қошиқ шакар солиши етарли бўлса, бошқаси 2—3 қошиқ солиши мумкин. Анализаторларнинг қўзғатувчилар орасидаги билинарбилинмас фарқлар, ўзгаришларни сезиш қобилияти дифференциал Сезувчанлик деб аталади. Сезишда қўзғатувчининг билинарбилинмас ўзгариш туғдирадиган микдорининг озгина ўсиши сезгининг дифференциал чегараси дейилади. Дифференциал Сезувчанлик ҳам дифференциал чегара билан тескари пропорционалдир.

Сезги чегаралари ва Сезувчанлик қўзғалиш ҳамда тормозланиш жараёнлари билан белгиланади.

Нерв системаси қанчалик қўзғалувчан бўлса, Сезувчанлик шунчалик юқори бўлади ва аксинча. Қўзғалиш жараёни мия пўстлоғининг бирор қисмида ҳосил бўлиб, бошқа қисмларга тарқалади. Кейинчалик машқ қилиб бориш туфайли қўзғалиш маълум нерв ҳужайраларида дифференциалланади, фарқланади.

Қўзғатувчининг таъсири ўзгариши б-н С ҳам ўзгаради; қўзғатувчилар суст таъсир этганда Сезувчанлик ошади, кучли таъсир этганда Сезувчанлик камаяди. Сезувчанлик анализаторларнинг ўзаро таъсири натижасида ҳам ўзгаради. Шунингдек, Сезувчанлик даги ўзгариш ҳаёт шароити, инсон фаолияти билан узвий боғлиқ. Айрим касалликлар таъсирида Сезувчанлик ўзгариши (камайиши ёки ортиши), издан чиқиши ёки бутунлай йўқолиши мумкин.

Loading...