СФЕРОЛИТЛАР

СФЕРОЛИТЛАР (сферо… ва юн. lithos — тош) кристаллар қотишмаси — жуда ингичка игнасимон кристаллар агрегатларидан тузилган радиал нурсимон шарчалар. Магматик ва чўкинди тоғ жинсларида учрайди. Сферолитларнинг минерал таркиби ва ўлчами турлича. Магматик жинслардаги Сферолитлар кўпинча диабазларнинг чекка қисмларидаги эндоген контакт ҳосилалар ҳисобланади. Нордон лаваларда асосий шишасимон массалар қотаётганда яхлитланиш йўли билан пайдо бўлиши мумкин. Асосий лавалар (вариолитлар)да бундай ҳосилалар вариоллар деб аталади. Дала шпати ва кварцдан ҳосил бўладиган сферолитсимон ҳосилалар псевдосферолитлар деб аталади. Чўкинди жинсларда карбонатли, марганецтемирли, фосфатли, хальцедонли ва б. С. учрайди. Бундай Сферолитлар одатда, моддалар кристалл структурасини йўқотаётганда ҳосил бўлади; уларнинг купи пайдо бўлишига кўра конкрецион ҳосилаларга яқин (қ. Конкрециялар).