СИБИРЬ ХОНЛИГИ

СИБИРЬ ХОНЛИГИ — 15-а. охирларида ташкил топган давлат. 1495 й. Тюмень хони Ибоқ ўлдирилганидан кейин, унинг авлоди Тайбуғо Махмет (Маҳмудак) татар улуслари сиёсий иттифоқига бош бўлди ва хонликни ўзининг асосий қароргоҳи — Сибирь (Қишлиқ) номи билан атади. Волга бўйидаги Олтин Ўрда давлати ички ва ташқи урушлар орқасида заифлашиб ва парчаланиб кетди. Натижада бирбирларидан мустақил Астрахон, Қозон, Сибирь ва б. хонликлар юзага келди. Уларнинг орасида Сибирь хонлиги энг чекка ва совуқ жой бўлиб ўрмонлар ва даре сувларига бой ўлка ҳисобланган. У ерда туркий тилли аҳоли яшаб чорвачилик, деҳқончилик ва хунармандчилик билан шугулланган. Хонликнинг пойтахти даставвал ҳоз. Тюмень ш. ўрнидаги Чингитура деган жой эди. Кейинчалик пойтахт Иртиш дарёси бўйидаги Қишлиқ (рус манбаларида — Искар) номли шаҳарга кўчирилган.

1555 й. да татар юқори табақа вакиллари Сибирь тахтини эгалладилар. Аммо, 1563 й. да шайбонийлар сулоласига мансуб Кўчумхон Бухоро хони Абдуллахон II нинг ҳарбий ёрдами туфайли тахтни қўлга киритади. Бухородан Сибирга ҳарбий қисм билан бир қаторда савдогарлар ва дин пешволари бориб ўрнашдилар. Кўчумхон ўз қўли остидаги ерларда ўзбек дин пешволарининг бошчилигида ислом динини тарқатишга ҳаракат қилди.

Шу тариқа Сибирь хонлиги Абдуллахоннинг таъсир доирасига тортидди. У ерга ўзбеклар бориб савдо ва деҳқончилик б-н шуғулландилар. Улар ҳокимиятни бошқаришга ҳам кўмаклашдилар.

Бухоро хонлигинчнг Сибирь билан алоқани яхшилашга қаратилган ҳаракати бежиз бўлмаган. Сибирнинг Ўрта Осиё б-н сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалари чуқур тарихий даврлардан бошланиб кўп асрлар мобайнида давом этган. У ерда ўзбек газламалари, кийимбошлари ва б. молларига талаб катта эди. Ўз навбатида, Ўрта Осиёда Сибирнинг қимматли мўйналарига эҳтиёж зўр бўлган. Бухороликлар ислом динини тарқатиш воситаси билан ҳам Сибирда ўзларининг мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилганлар. Хусусан, нақшбандия тариқатининг 361 кишидан иборат муридлари Сибирга бориб ислом динининг тарқалишига асос солганлар. Бу ишда Оқилабиби, Анипабиби, Хадичабиби, Солиҳабиби ва б. ўзбек аёллари ҳам қатнашган. 1581 й. да Ермак ва Кўчумхон аскарлари уртасида жанг бўлиб Ермак пойтахт Искарни эгаллайди. Шундан кейин ҳам улар ўртасидаги урушлар давом этиб улардан бирида Ермак ҳалокатга учрайди. Аммо, хонлик 1598 й. да рус қўшини томонидан тамомила босиб олиниб Сибирь Россияга қўшиб олинади.

Ад.:3ияев Ҳ., Сибирь, Волга ва Урал бўйларидаги ўзбеклар, Т., 2003.

Ҳамид Зиёев.

Prev Article

СИБИЗҒА

Next Article

СИБОРГ