СИФАТ АНАЛИЗИ — аналитик кимёнинг асосий бўлимларидан бири; анализ қилинаётган модда ёки моддалар аралашмасидаги элементлар, радикаллар, функционал гурухлар ва бирикмаларни кимёвий, физиккимёвий, физикавий аниклаш ва идентификациялаш усуллари мажмуи. Сифат анализининг муҳим тавсифли усуллари:
1) ўзига хослик (селективлик) — қидирилаётган элементни бошқа элемент иштирокида аниклаш усули ва
2) сезгирлик — ниҳоятда оз миқдордаги элементни, яъни бир томчи (0,01—0,03 мл) эритмадаги элементни аниклаш. Сифат анализининг ҳоз. усулларида сезгирлик 1 мкг га боради. Анорганик моддаларнинг классик Сифат анализи «қуруқ» ёки «ҳўл» усулда олиб борилади. Сифат анализининг «қуруқ» усули бир оз миқдорда бура (танакор) ёки «фосфор тузи» (NaNH4HPO44H2O) қўшиб текширилаётган модда кукуни (одатда, металл тузлари ёки оксидлари) қиздирилганда газ горелкаси алангаси рангининг ўзгаришига ва рангли шишасимон қотишмалар ҳосил бўлишига асосланган. Сифат анализининг «ҳўл» усули макро,«ярим макро», «ярим микро», микро ва ультрамикро усулларга асосланган (яна қ. Ультрамикрокимёвий анализ, Томчи анализ).
Сувли эритмалардаги анорганик бирикмаларнинг Сифат анализи ион реакцияларига асосланган. Сифат анализининг кимёвий усули билан бир қаторда физикавий, физиккимёвий усуллари қам кенг қўлланади. Бу усуллар текширилаётган моддаларнинг оптик, электр, магнит, иссиклик, каталитик, адсорбцион ва б. хоссаларини ўрганишга асосланган (қ. Спектрам анализ, Полярография).
Ад.: Миркомилова М., Аналитик кимё, Т., 1996.