СИФАТДОШ

СИФАТДОШ — феълнинг функционал шаклларидан бири. Сифатлар каби предметнинг белгисини кўрсатишга хосланган ва худди шу хусусиятига кўра С. деб юритилади. Сифатдош шакли ҳоз. ўзбек тилида, асосан, ган, вчи аффикслари ёрдамида ясалади: ўқиган китобларим, курашга тушувчи йигитлар. ган аффикси феълнинг замон курсаткичига эга бўлмаган шаклига қўшилганда, ўтган замон маъносини; феълнинг хоз. замон кўрсаткичи бўлган шаклига қўшилганда, ҳоз. замон маъносини; феълнинг ҳоз. келаси замон кўрсаткичи бўлган шаклига қўшилганда, ҳоз. келаси замон маъносини билдиради: келган одам, келаётган одам, келадиган одам. С. нинг замони бевосита нутқ вақтига нисбатан эмас, балки феълнинг аниқлик майлидаги шахссон билан тусланган шакли билдирган вақтта, гапнинг кесимидан англашилган вақтга ёки матндаги бирор сўз билдирган вақтга нисбатан белгиланади. Шу сабабли Сифатдош билдирган замон нисбий замон ҳисобланади. Кўчада келаётган йигит атрофга бир қараб қўйди. Менинг сизга айтадиган анчагина гапларим бор. Бундай кўрсаткичли Сифатдош шакллари феълнинг ўтган замон шаклларини ҳосил қилишда ҳам қатнашади: келган эди, кетаётган эди каби.

Сифатдошнинг вчи аффикси билан ясалувчи тури предметга доимий хос бўлган одатдаги ҳаракат белгисини, баъзан эса келгусига оид ҳаракат белгисини билдиради: Кишини сеҳрловчи оҳанглар. Бу ерга келувчи меҳмонларни кутиб оламиз. Сифатдош гапда аникдовчи вазифасида келади. Слар отлашганда (қ. Отлашув), отларга хос синтактик вазифаларни бажаради.

Азим Ҳожиев.

Loading...