СИГИРҚУЙРУҚДОШЛАР

СИГИРҚУЙРУҚДОШЛАР (Scrophulariaceae) — икки уруғпаллалилар синфига мансуб ўсимликлар оиласи. Кўпчилиги ўт ва ярим бута, айримлари бута ва дарахт (дарахтсимон турлари тропик ва субтропик районларда учрайди). Тўпгули шингилсимон, рўваксимон. Гуллари ҳар хил, чангчилари 2 — 5 та, уруғчиси битта. Тугунчаси икки уяли. Кўпчилигининг меваси кўсакча. 5000 дан ортиқ тури (300 та туркуми) бор. Аксарияти ўрта минтақаларда тарқалган. Ўзбекистонда 25 туркумга мансуб 226 тури бор. Баъзилари экинлар орасида бегона ўт сифатида усади. Кўпчилиги заҳарли бўлгапи учун моллар емайди. Ангишвонагул, сигирқуйруқ ва б. тиббиётда ишлатилади. Аждаргул, итбинафша манзарали ўсимлик сифатида ўстирилади. Ўзбекистоннинг адир ва тоғ ён бағирларида тарқалган сигирқуйруқнинг бўйи 60—150 см, барглари бандсиз, меваси ва пояси тук б-н қопланган, сариқ шингилсимон тўпгулли, меваси кўсакча. Июндан сентябргача гуллайди. Сигирқуйруқни мол емайди. Таркибида сапонин ва С витамини бор. Баргидан тайёрланган қайнатма халқ табобатида жароҳатни даволашда ишлатилади.

Prev Article

СИВУШ МОЙИ

Next Article

СИГНАТУРА