СИЛОС

СИЛОС (испанча silos — ертўла, дон сақланадиган ўра) — чорва моллари учун ўсимлик (маккажўхори, картошка, кунгабоқар, викасули аралашмалари, илдизмевалар, табиий пичанзорлар ўтлари, полиз экинлари палаклари ва б.) кўк пояларини ҳаво кирмайдиган қилиб консервалаш йўли билан тайёрланадиган озуқа. Таркибида каротин, витамин С сақланади. Тўғри тайёрланган Силос таркибида органик кислоталар, хусусан, сут (2% гача), сирка (0,6% гача) кислоталари, айрим турларида пропион, валериана кислоталари мавжудлиги туфайли ўзига хос ёқимли ҳид ва нордонроқ мазага эга. Силос бостириш технологияси бузилганда ва нотўғри сақланганда ёғ кислотаси пайдо бўлади. Силос сифати ундаги водород ионларининг миқдори (рН)га қараб аниқланади. Сифатли Силос таркибида р-н 4—4,2 бўлади. Силоснинг озуқали қиммати ўсимлик тури, ўриб олиш вақтидаги ривожланиш фазаси, тайёрлаш технологияси ва сақланиш шароитига боғлиқ. Юқори сифатли Силос тайёрлаш учун маккажўхори дони сутмум пишиш даврида, кунгабоқар гуллай бошлаши, дуккаклилар дуккак тугишининг бошланиши билан ўрилади. 100 кг маккажўхори силосида 20 озуқа бирлиги, 1,4 кг ҳазм бўладиган протеин, 150 г кальций, 50 г фосфор, 1500 мг каротин, 100 кг кунгабоқар Силос ида 16 озуқа бирлиги, 1,4 кг протеин бор.

Ўзбекистонда Силос бостириш 20-а. нинг ўрталаридан қўлланилади. С, асосан, маккажўхори, оқ жўхори поясидан ёки пояси ва донидан тайёрланади. Силос ҳайвонларда овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Бузокларга дуккакли, юмшоқ бошоқцош ўтлардан, чўчқаларга қанд лавлаги, сабзи, картошка, полиз экинлар, маккажўхори сўтаси ва б. аралашмасидан, паррандаларга дуккакли ўтлар, сабзи, қанд лавлаги ва б. дан тайёрланган Силос бериш тавсия этилади. С, асосан, қишда, қурғоқчил р-нларда езда берилади.

Силос бостиришда кўк поя силос комбайни ёрдамида ўрилади, 2—4—7 см узунликда майдаланади, сўнг силос иншоотларига жойланади. Бостирилган Силос оғир тракторлар билан зичланади, устига полиэтилен плёнка ёпилиб, кейин 30—35 см қалинликда тупроқбн кўмилади. Тўғри тайёрланган Силоснинг озуқалик қиммати ва витаминлар деярли тўла сақланиб қолади. Силос бостириш техникаси бузилса (айницса, зич бостирилмаса), аэроб микроорганизмлар жадал ривожланади, озуқа ўз-ўзидан тез қизийди; озуқалик қиммати кескин пасаяди.

Силос очилгач, кундалик рационга лойиқ миқдори олиниб, сўнг дарҳол усти зич ёпиб қўйилиши лозим. Акс ҳолда ҳаво таъсирида оксидланиш жараёни бошланиб, озуқа сифати бузилади. Соғиладиган ва сўқимга боқиладиган қорамоллар рационида Силос тўйимлилик бўйича 50% гача, чўчқалар рационида 20% гача бўлиши мумкин. Катта ёшдаги кррамолларга 1 кунда ўртача 15—20 кг, отларга 10—12 кг, қўйларга 3—4 кг берилади.

Гўзал Ишимова, Рўзимат Ҳамроқулов.

Loading...