СИМБИОЗ

СИМБИОЗ (Symbiosis — биргаликда яшаш) — икки ва ундан ортиқ турларнинг бирбирига фойда келтириб бирга яшаши. Симбиотик муносабатлар ўсимлик билан ўсимлик, ўсимлик билан ҳайвон, ҳайвон б-н ҳайвон, ўсимлик ва ҳайвонлар билан микроорганизмлар, микроорганизмлар б-н микроорганизмлар ўртасида бўлиши мумкин. «Симбиоз» терминини немис олими А. де Бари (1879) таклиф этган.

Ўсимликлар билан микроорганизмлар ўртасидаги Симбиозга микориза мисол бўлади. Бунда замбуруғ мицелийси юксак ўсимликлар илдизи билан Симбиоз яшайди. Ўсимлик илдизи сув ва минерал озиқни тупрокдан шимиб олади. Замбуруғ эса тупрокдаги органик бирикмаларнинг парчаланишига ёрдам беради. Азотобактериялар дуккакли ўсимликларнинг илдизида яшаб, ҳаводаги эркин азотнинг ўсимликлар томонидан ўзлаштирилишига ёрдам беради. Ҳайвонлар билан ўсимликлар орасидаги Симбиозга мисол тариқасида бир ҳужайрали сувўтлар, айрим бир ҳужайрали ҳайвонлар, бўшлиқичлилар (гидралар, коралл полиплар), киприкли чувалчанглар ўртасидаги муносабатларни кўрсатиш мумкин. Сувўтлар коралл полиплар ҳужайраларига жойлашиб олиб, уларнинг ўсиши ва ривожланишига катта таъсир кўрсатади. Хайвонлар (шу жумладан, одам) билан микроорганизмлар ўртасида ҳам Симбиоз кенг таркалган. Ичак микроорганизмларининг овқат ҳазм қилишда иштирок этиши бунга яққол мисол булади. Айрим хашаротлар ичагида целлюлозанинг ҳазм бўлиши ичакда яшайдиган ачитқи замбуруғлари ажратиб чиқарадиган ферментлар билан боғлиқ. Худди шунга ўхшаш Симбиоз кавш кайтарувчи сут эмизувчилар билан улар ошқозонида яшайдиган инфузориялар орасида хам мавжуд.

Организмлар ўртасидаги симбиотик муносабатлар эволюция жараёнида катта аҳамиятга эга. 19-а. нинг 60й. ларида рус олими А. С. Фаминцин лишайникларни Симбиоз яшайдиган организмлардан иборат эканлигини аниқлаган. 20-а. бошларида К. С. Мережковский бу хилдаги эволюция жараёнини симбиогенез деб атаган. Ҳоз. замон биол. сида Симбиозга ҳар хил турларга мансуб организмлар ўртасидаги ҳар қандай муносабатлар (паразитизм, комменсализм, мутуализм) тарзида қаралади.

Абдукарим Зикирёев.

Loading...