СИНЧ

СИНЧбино ва иншоотлар деворининг таглик ёғоч (тагсинч) билан тепа ёғоч (сарров) ўртасига қадаладиган ёғочлар; уйнинг «скелети». Уйнинг мустаҳкамлиги, турғунлиги, зилзилабардошлигини оширади. Синчнинг тагсинч, устун, ҳовон, тепасинч (сарров), бачкисинч ва б. хиллари бор. Бинолар яккасинчли ва қўшсинчли қилиб қурилади. Қўшсинчли девор хона иқлимини мўътадил тутади, турли токча, тахмонлар ясашга имкон беради. Одатда, юк тушувчи ташқи деворлар қўшсинч, ички девор — тўсиқлар эса якка синч қилиб ишланади. Тагсинч сарровга Синч билан ўйиқ ва тирноклар ёрдамида қимирлайдиган қилиб (зилзилабардош қилиш учун) бириктирилади. Ховонлар (тирак Синчлар) иморатни мустаҳкам ушлаб туради. Синчлар орасига ғишт, гувала ва б. уриб девор ҳосил қилинади. Ўрта Осиё меъморлигида Синч деворлар кенг қўлланилган. Синчлар қад. даврлар меъморий ёдгорликларида ҳам учрайди. Ҳозир ҳам якка уйжой қурилишида Синч девор конструкциялари катта ўрин тутади.

Баъзи замонавий маъмурий ва саноат бинолари, иморатлар металл Синч лардан каркасли қилиб қурилади. Олдин металл Синчлар пайвандлаб бириктириб олинади (яъни «скелет» хреил қилинади), кейин орасига ғишт уриб чиқилади.