СИНФЛАР

СИНФЛАР, ижтимоий синфлар — нисбатан баркарор катта ижтимоий қатлам, гуруҳлар (мас, деҳқонлар, ишчилар, буржуазия, ўрта синф). «Синф», «Синфий кураш» тўғрисидаги қарашларнинг пайдо бўлиши нисбатан узоқ ўтмишга эга. Лекин, Синфлар концепцияси 19-а. да Европада кенг ёйилган (К. А. СенСимон, О. Тьерри, Ф. Гизо ва б.). К. Маркс ва Ф. Энгельс С. мавжудлигини муайян и. ч. усули, меҳнат тақсимоти ва хусусий мулк билан боғлади, Синфлар курашини тарихни ҳаракатлантирувчи куч деб ҳисоблади (қ. Марксизм, Социализм). Улар жамиятни мулкдорлар (эксплуататорлар) ва йўқсиллар (эксплуатация қилинувчилар) синфига ажратиб тушунтирган. Бу икки синф ўртасида доимо кураш бўлади деб ҳисоблаб, жамият тарихига Синфлар кураши тарихи сифатида караган. Улар, Синфларнинг мавжудлигини жамият тараққиётининг муайян босқичи билан боғлиқ, синфий кураш пролетариат диктатурасига олиб келади, унинг мақсади синфеиз жамият қуришдан иборат, деб тушунтиришган. Жамият тарихини бундай тушуниш, ижтимоий Синфларга бундай ёндашув тарихда урушларга, инқилобий тўнтаришларга, жамиятнинг ичдан бўлиниб кетишига, гуруҳларнинг бирбирига ёвузларча муносабатда бўлишига олиб келди. Ижтимоий тараққиёт бу таълимотнинг илмий асоси йўқлигини, маърифий ривожланишга зид эканлигини кўрсатди.

Ҳоз. социологияда жамиятни Синфларга ва б. ижтимоий гурухларга бўлишнинг турли мезонлари илгари сурилмоқда. Ўзбекистонда Синфларни иккига бўлиб ўрганишга барҳам берилди. Мулкнинг хилмахиллиги ёки хилмахил шакллардаги мулк эътироф этидди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида «ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли…» (36модда), «…Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлеиз ва давлат ҳимоясидадир…» (53модда) деб белгилаб қўйилган. Бу ижтимоий синф тушунчасини янгича тушуниш ва унга янгича ёндошишдир. Ўзбекистонда фукароларга мулкдор бўлиш ҳуқ>’қининг берилиши жамиятни қарамақарши Синфларга бўлиш ва бўлиб ўрганиш гоясини ҳам инкор этади. «Ўрта мулкдорлар синфи», «ўрта мулкдорлар катлами», «мулкдорлар синфи» деган тушунчалар Синфларни анъанавий тушунишдан тубдан фарқ қилади. Ўзбекистонда қурилаётган демократик, фуқаролик жамияти фуқаролар ўртасида ижтимоий ҳамжиқатлик ғоясига таянади. Жамиятда ҳаммага бир хил имконият яратилади, лекин ундан ҳар ким ўз қобилияти, қизиқишига кўра фойдаланади. Бу табиий жараён бўлиб, кишиларнинг мулкдорлик даражаси ҳамда жамиятда мулкдорлар қатламининг шаклланишида ўз ифодасини топади.

Ад.: Каримов И., Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таадид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари, Т., J997.

Ибодулла Эргашев.

Loading...