СИНТЕЗАТОР

СИНТЕЗАТОР — мураккаб электрон мусиқа чолғу асбоби. Синтезатор бошқа (жумладан, электро) мусиқа чолғуларидан фарқли ўлароқ товушларни чиқариш бўйича чекланмаган имкониятларига эга: унда барча куй ва усуллар, турли мусиқа созлари ва табиат товушлари (мас, шамол ғувиллаши, қушлар сайраши), шунингдек янги, табиатда мавжуд бўлмаган товуш, шовқин ва тембрларни чиқариш мумкин. Биринчи мукаммал намуналари 20-а. нинг 2-ярмида кашф этилган (Е. Мурзин, Р. Муг ва б.). Улар фақат махсус студияларда, асосан, композиторлар томонидан ишлатилган (X. Вединг, Э. Денисов, Э. Артемьев ва б.). Кейинчалик ихчам шаклидаги концерт ва б. С. лар пайдо бўлиб, эстрада ва попмусиқа (мас, Поль Мариа оркестри, «Bony M» ансамбли), рок мусиқа («Space», «Pink Floyd», «Зодиак» каби гурухлар), киномусиқа, радио ва телеспектаклларда кенг фойдаланилган. Ўзбекистонда турли русумдаги Синтезаторлар 1980й. ларнинг бошларида пайдо бўлиб («Ялла» ансамбли, Ш. Жўраевга жўрнавоз гуруҳ ва б.), ҳозирда радио ва телевидение, киностудия ва театрларда, мусиқа студияларида фонограмма тайёрлашда, баъзида концерт жараёнида ҳам жорий этилмоқда.