СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИТуркистон генералгубернаторлигининг 5 вилоятидан бири. 1867 й. ташкил этилган. Таркибида Ғазали, Перовский, Чимкент, Авлиёота, Тошкент (1887 й. гача Қурама номида). Хўжанд (1887 й. гача), Жиззах (1872 й. гача) уездлари, Тошкент ш. ва 1886 й. дан Амударё бўлими кирган. 1910 й. ги маълумотга кўра, Св. майдони 439428 кв чақирим; аҳолиси 1911464 киши бўлган (1867 й. 675 000, 1917 й. 2155 500).

Сирдарё вилояти даги аҳоли ўтроқ, ярим ўтроқ, кўчманчи, ярим кўчманчиларга бўлинган. 20-а. бошларида вилоят аҳолисининг 1/3 қисми ўтроқ ва 2/3 қисми кўчманчи бўлган. Сирдарё вилоятининг шим. ғарбий қисми (Перовский, Ғазали, Чимкент, Авлиёота ва Амударё бўлимининг катта қисми) да, асосан, кўчманчилар, қозоклар, қирғизлар, қорақалпоклар, туркманлар, лўлилар яшаган. Ўтроқ аҳоли таркибига: ўзбек, сарт, тожик, бухоро яҳудийлари, татарлар, Россиядан кўчириб келтирилган рус деҳқонлари ва б. кирган. Ўтроқ. аҳоли деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо б-н, кўчманчилар эса, асосан, чорвачилик, ярим кўчманчилар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишган.

Св. уездлари участка, волость, шунингдек, айрим қишлоқ ва овуллардан таркиб топган овул ва қишлоқ жамоаларига бўлинган. Кўчманчиларга доимий фойдаланиш учун берилган барча ерлар давлат мулки ҳисобланиб, бу е’рларни улар бошқа шахсларга бериб туришлари ёки сотишлари ман қилинган. 1915 й. С. в. да экин экиладиган 1079713 десятина ер, фойдаланилмайдиган 33855811 десятина ер бор эди. 1915 й С. в. да умумий уз. 17151 чақиримдан иборат 3006 та ариқ бўлган. 1900 й. да Сирдарё вилоятида 49 та Мадраса (1099 талаба), 1809 мактаб (19453 ўқувчи) бўлган.

Св. Туркистон ўлкасининг Россия ички бозорлари билан савдо алокаларида муҳим роль ўйнаган. Сирдарё вилоятидан четга, асосан, пахта, тери, жун, буғдой, мева, чорва жўнатилган. Россиядан эса газлама, ёғочтахта, керосин, темир, пўлат, чўян, мис ва мис буюмлар, атторлик ва баққоллик товарлари, чой, қанд, пойабзал, буғдой, балиқ ва б. келтирилган. 1908 й. Св. да 156 та кустар типидаги ф-ка ва з-длар (1460 ишчи) бўлган. Сирдарё вилоятида 1884 й. 300 десятина ерга, 1914 й. га келиб эса 83906 десятина ерга америка пахта нави экилган. Сирдарё вилоятида чоракорлик кенг тарқалган.

20-а. бошларига келиб Св. да подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатига қарши озодлик қаракати авж олган. 1916 й. ги мардикорликка олиш ҳақидаги подшо фармонига жавобан вилоятнинг барча уездлари ва Амударё бўлимида ғалаёнлар бўлиб ўтган. Кўп қишлокларда деҳқонларнинг ғалаёнлари полиция ва қўшинлар билан тўқнашувга айланган. Бундай тўқнашувлар 12 июлда Янгибозор қишлоғида, 13 июлда Тўйтепа қишлогида, 14 июлда Троицк, Хонобод ва Пискент қишлоқларида бўлиб ўтган. Булардан ташқари, қўзғолонлар Жалолтепа, Хитойтепа, Қўшқўрғон, Оққўрғон, Жоусғум, Олтин волостларига ҳам ёйилган. 1924 й. С. в. Ўрта Осиё республикаларида миллий чегараланиш ўтказилиши туфайли тугатилган.

Loading...