СИРҲИНДИЙ Аҳмад Форуқ

СИРҲИНДИЙ Аҳмад Форуқ (1564-1624) — нақшбандия шайхларидан. Ҳиндистонда фаолият кўрсатган Муҳаммад Боқибиллоҳ (1563—1603) муриди. Аввал ўз фаолиятида Ибн алАрабий қарашлари (ваҳдати вужуд назарияси)нинг тарафдори сифатида майдонга чиқади, кейин Алоуддавла Симноний (1261 — 1336) қарашлари таъсирида Ибн алАрабийнинг ашаддий мухолифига айланиб, вахдатул шуҳуд назариясини аҳли сунна мазҳабига мувофиклаштиришга ҳаракат қилади. Ўнинг фикрича, вахдати вужуд назарияси шариат учун хам, нақшбандия учун ҳам хавфлидир. Ваҳдати вужуд асосини «барча Удир» («ҳама Ўст»), деган қараш ташкил этади, ҳолбуки ваҳдатул шуҳудца «барча Ундандир» («ҳама аз Ўст») деган қараш асос бўлиб ҳисобланади, шунинг учун вахдатул шуҳуд ислом шариатига мувофиқ келади. Сирҳиндий ўз қарашларини муридларига йўллаган мактубларида баён этган. У суфийларнинг важду ҳолга кириш вактида Аллоҳга етишиш (васл) ҳақидаги фикрларини хомхаёл деб атайди, суфийлик камолотининг бош кўрсаткичи бандалик (абдият)ни теран англашидадир, деб ҳисоблайди. Сирҳиндий Акбар шоҳнинг ягона «илоҳий дин» яратиш борасидаги ҳаракатларини қувватламаган. Шу боис Акбар вафотидан кейинги бобурий подшолар Сирҳиндий қарашларини қувватладилар. Сирҳиндий «имоми раббоний» («илоқий имом») ва «мужаддиди алфи соний» («2минг йилликнинг янгиловчиси») унвонларига эга. Унинг мактублари мухлислари орасида кенг тарқалган.

Нажмиддин Комилов.

Next Article

СИСТЕМА