СИРОЖ ҲАКИМ

СИРОЖ ҲАКИМ, Мирзо Сирожиддин Ҳаким Бухорий ибн ҳожи Мирзо Абдурауф (1877.23.10, Бухоро 1914.17.1) маърифатпарвар олим ва шоир; табиб, сайёҳ. Йирик савдогар оиласида туғилган. Форс, араб, француз ва рус тилларини мукаммал билган. Техрондаги Америка тиббиёт коллежи ва Берн ун-ти (Швейцария) тиббиёт фтида ўқиган. 1902—09 й. ларда у Европа ва Шарқ мамлакатларига 3 марта саёҳат қилган. Теҳронда Америка тиббиёт коллежи ва шифохонасида ишлаган. Бухорога кайтгач (1909 й. дек.), бу ерда европача усулдаги шифохона очиб, уни хориждан келтирилган тиббий ускуналар билан жиҳозлаган. Кўп йиллик саёҳатлари натижасида яратган «Туҳфаи ахли Бухоро» («Бухоро ахлига туҳфа») асарида Усмонли турк султонлиги, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Европа мамлакатларидаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, маданий ҳаётни тасвирлаган.

Сирож Ҳаким ўзбек ва тожик тилларида ғазал, қасида, мухаммас ва рубоийлар ёзган. 200 дан ортиқ шеърлари киритилган 2 та тўплам ва «Туҳфаи ахли Бухоро» асарининг қўлёзмаси Тошкентдаги Шарқшунослик ин-ти фондида сақланади.

Ад.: Қори Раҳматуллоҳ Бухорий [Возеҳ], Туҳфат ул аҳбоб фи тазкират ул аҳбоб, Бухоро, 2001; Низомиддинов И.,Сайёҳларнинг ёзганлари, Т., 1960.

Loading...