СИСТЕМАТИКА (юн. systematikos — тартибга солинган) — биол. бўлими. Ҳоз. мавжуд бўлган ва қирилиб кетган организмларни тавсифлаш, рўйхатга олиш ва таксонлар бўйича тасниф қилиш б-н шугулланади. Систематика биол. нинг барча бўлимлари, айниқса, эволюцион таълимот маълумотларига таянади; купчилик биол. фанлари учун асос бўлади. Айрим ҳолларда таксономия тушунчаси ҳам Систематиканинг синоними сифатида ишлатилади. Тасниф килишда организмларни тавсифловчи айрим хусусий белгилар (морфологик, физиологик, биокимёвий, экологик ва б.) эмас, балки уларнинг мажмуасидан фойдаланилади. Организм учун хос хусусиятлар канчалик кўпроқ инобатга олинса, систематик бирлик организмлар ўртасида қариндошликни, яъни уларнинг келиб чиқишидаги умумийликни шунчалик аниқ ифодалайди. Мас, акулалар билан китсимонларнинг ёки қушлар б-н кўршапалакларнинг айрим тузилиш белгилари ўхшаш бўлишига қарамасдан улар ҳар хил систематик гуруҳлар (синфлар)га мансуб. Бу ҳайвонларнинг барчаси хордалилар типига киради. Шунинг учун барча хордалилар ўртасида муайян ўхшашлик мавжуд.
Организмларни тасниф қилишга уриниш қад. тарихдан маълум (Аристотель, Теофраст ва б.); лекин фақат Ж. Рей (1686—1704) ва, айниқса, К. Линней (1735 й. дан бошлаб) ишлари натижасида илмий Систематикага асос солинди. Дастлабки илмий Систематика организмларнинг фақат ташқи тузилишига асосланган бўлиб, улар ўртасида қариндошлик муносабатлари инобатга олинмаганлигидан сунъий Систематика ҳисобланади. Ч. Дарвин таълимоти Систематикага эволюцион мазмун берди. Эволюцион таълимотнинг яратилиши билан Систематикада организмлар ўртасидаги генеологик муносабатлар асосий ўринни эгаллай бошлади; сунъий Систематиканинг ўрнини табиий Систематика эгаллади.
Систематикада эволюцион йўналиш билан бирга кладистик (филогенетик) ва санокли (фенетик) йўналиш ҳам мавжуд. Кладистик метод ёрдамида алоҳида шохларнинг филогенетик шажарадан ажралиб чиқишига биноан таксонлар даражаси аникланади. Бу методда айрим гурухлардаги эволюцион ўзгаришлар миқёси инобатга олинмайди. Мас, кладистик метод бўйича сут эмизувчилар мустақил синф бўлмасдан, судралиб юрувчиларнинг битта таксони ҳисобланади. Санокли, яъни ракамли Систематикада организмларнинг ихтиёрий олинган кўпчилик белгилари математик йўл билан тахлил қилиниб, ҳар бир белгига алоҳида аҳамият берилади. Тасниф алоҳида олинган организмларнинг бирбиридан фарқ қиладиган белгиларига асосланиб тузилади. Систематиканинг энг асосий методи солиштирмаморфологик метод ҳисобланади. Ҳоз. Систематикада янги методлар, мас, электрон микроскопия, кариосистематика (хромосома аппаратининг тузилиши) ҳам қўлланади, 20-а. нинг ўрталаридан бошлаб, Систематикада биокимёвий маълумотлар (хемосистематика) дан ҳам фойдаланила бошланди. Организмлардаги асосий оқсиллар молекуласида аминокислоталарнинг, ДНК ва р-нК молекулаларида нуклеотидларнинг кетма-кетлигини ўрганиш (геносистематика) Систематикани қўшимча маълумотлар билан бойитади. Ҳайвонлар С. сида этология (хаттиҳаракатлар)га оид маълумотлар айниқса муҳим аҳамиятга эга. Янги методларнинг қўлланиши ва турнинг популяция таркиби ўрганилиши Систематикада янги даврни бошлаб берди.
Ҳар қандай тирик организмни ўрганиш учун аввало унинг бошқа организмларга нисбатан ўрнини ва улар б-н филогенетик муносабатларини аниклаш лозим. Турлар ўртасидаги систематик муносабатлар тўғрисида тасаввурга эга бўлиш генетик ва биокимёвий тадқиқотлар учун ҳам зарур. Систематика айниқса бир вақтнинг ўзида кўплаб турлар билан тадқиқот олиб бориладиган экология ва биогеография соҳасидаги тадқиқотларда муҳим аҳамиятга эга. Стратиграфия ва геохронология ҳам аввало қазилма ҳайвонлар ва ўсимликлар С. сига асосланган. Систематика тирик табиатни муҳофаза қилишни ташкил этишда бениҳоя катта аҳамиятга эга (яна қ. Организмлар системаси).
Ад.: Молекулярные основы геносистематики, М., 1980; Принципы экологической систематики, перевод с английского, М., 1971.