СКИФЛАР ПОДШОЛИГИ

СКИФЛАР ПОДШОЛИГИ, Скифлар давлати — Шим. Кора денгиз бўйларида ташкил топган кўчманчи қабилаларнинг конфедератив сиёсий уюшмаси (мил. ав. 4-а. нинг ўртаси — мил. 3-а. нинг 2-ярми). Юнонрим манбаларининг хабар беришича, Скифия ҳудуди 3 қисмга бўлиниб, уларнинг ҳар бири мустақил қабила — подшолик бўлиб, уларнинг ўз тўдаси ва ҳарбий қабила сардори бўлган. Қабила — подшолик қошида оқсоқоллар кенгаши бўлиб, у қонун чиқарувчи олий орган вазифасини бажарган. Унинг ҳуқуқий доираси чексиз бўлиб, қабила сардорини жазолаши ва ҳатто ўлимга махкум этиши мумкин бўлган. Подшолик ҳарбийдемократик асосда бошқарилган. Қабилавий сиёсий уюшмалар тепасида Геродот хабарига кўра, «скиф подшолари» турган ва улар скиф фуқароларига қул сифатида қараган.

Мил. ав. 5-а. да скифларда мулкий табақаланиш жараёни жадал кечаётган бўлсада, аммо, ижтимоий ҳаётда ҳали ибтидоий жамоачилик анъаналари ҳукмрон эди. Мил. ав. 4-а. ўрталарида скиф сардорларидан Атей барча скиф қабилаларини ўзига бўйсундириб подшолик барпо этган, лекин у мил. ав. 339 й. македониялик Филипп II билан бўлган жангда ҳалок бўлади. Атей даврида Қуйи Днепр бўйларида Скифиянинг пойтахти қурилган эди. Сарматларнинг сиқуви билан мил. ав. 3—2-а. ларда пойтахт Қрим я. о. га кўчади (қ. Неаполь, Скифлар Неаполи). Айнан шу вақтларда Скифлар подшолиги Қора денгиз бўйларидаги юнон шаҳар-давлатлари билан иқтисодий ва маданий алоқаларни кучайтиради. Аммо, скифлар юнон шаҳардавлатлари устига харбий юришлар ҳам уюштириб турадилар. Мил. ав. 2-а. охирида юнон шаҳар-давлатлари билан бўлган навбатдаги ҳарбий тўқнашувлардан бирида скиф подшоларидан Скилур ва Палаклар ҳалок бўладилар. Аммо, С п. ҳарбий жиҳатдан ҳали қудратли эди. Улар б-н ҳатго Рим империяси милоднинг бошларида ҳам ҳисоблашишга мажбур эди. Мил. 1-а. нинг 2-ярмида Скифлар подшолиги подшолар Фарзой ва Инисмей даврида яна кучайиб, Боспор подшолиги билан бир неча марта уруш қилган. Скифлар подшолигининг қудрати то мил. 3-а. нинг 2-ярмигача уз мавқеини саклаб келди, сўнгра Скифлар подшолиги готлар томонидан тормор этилган. Аҳмадали Асқаров.

Loading...