СКИФЛАР

СКИФЛАР — Қора денгиздан шим. ғарбда, Дунай ва Дон, Днепр ва Днестр дарёлари қуйи хавзаларидан то Волгага қадар бўлган ҳудудларда яшаган чорвадор аҳоли (мил. ав. 7—мил. 3-а.). Европа адабиётида Скифлар ҳақида шим. эрон тилларининг турли лаҳжаларида сўзловчи қабилалар сифатида тасаввур шаклланган. Аслида эса бу ҳудудларда скифларга қадар яшаган киммерийлар эрон забон бўлган. Геродотнинг ёзишига қараганда, бу юртларга С. Осиёдан кўчиб келганлар ва ерли аҳолининг тил муҳити таъсирида эронлашганлар. Асл ватани Волгадан шаркда, яъни Осиёнинг Қозоғистон чўллари, Жан. Урал ва Олтой ҳамда Жан. Сибирь ҳудудлари бўлиб, скиф қабилалари аслида туркий тилларнинг турли лаҳжаларида сўзлашувчи орийлар эди. Чунки, шу минтақалар аҳолисининг моддий маданияти ва антропологик типи жез давридан бошлаб бирбиридан фарқ қилмайди. Илк Шим. Хитой подшоликлари (мил. ав. 2205—1766 й. ларда «Шя», мил. ав. 1766—1122 й. ларда «Шонг» сулолалари)дан калган ёзма манбаларга кўра, «ди» турк сўзининг хитойча транскрипциясидир. Улар Хитойдан шим. да ва шим. гарбда яшашган. Кдд. хитойчада «бэй» сўзи шим. ни кўрсатган. «Бэй»га «ди» қўшилиб, ҳосил бўлган «бэйди» сўзи эса илк Хитой подшоликлари даврида улардан шим. да яшовчи чорвадор туркий тилли ҳунну қабилаларига нисбатан ишлатилган. Демак, жез даврида Жан. Урал, Марказий ва Шарқий Қозоғистон, Олтой ва Жан. Сибирь минтақаларида яшаб, археологик адабиётларда Андроново маданияти номи билан юритилган қад. чорвадор аҳоли туркий забон бўлган. Скифлар Евросиё чўллари аҳолисига эллинлар томонидан берилган умумий ном бўлиб, эрон манбаларида уларни саклар деб юритилган. Геродот «форслар скифларни саклар» деб атайди деб ёзади. сохиллари Аҳолисига скиф атамаси ишлатилса, Ўрта Осиё, Еттисув ва Қозоғистон чўллари ҳамда Тоғли Олтой аҳолисига нисбатан кўпроқ сак атамаси ишлатилиб келинади. Геродотнинг ёзишига қараганда, осиёлик Скифлар дастлаб шим. ва шарқий Қора денгиз соҳилларини эгаллаб, ерли туб Аҳоли — киммерийлар устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатгач, киммерий суворийларини Кичик Осиёга қувадилар, сўнг Мидия, Сурия ва Фаластин ҳудудларини, Шим. Месопотамияни эгаллайдилар.

Мил. ав. 7-а. бошларида Мидия давлати кучайиб, Скифларни у ердан ҳайдаб чиқаради. С. Қора денгиздан шим. ва шарқда, Днепрдан Донгача бўлган чўлларда ўрнашиб, энди маҳаллий киммерий қабилалари б-н иттифоқликда яшай бошлайдилар. Эллинлар эса бу жойларни Скифия деб атайдилар. Мил. ав. 7-а. да Скифия жуда катта сиёсийҳарбий куч эди. Геродотнинг ёзишича, Доро бошлиқ қудратли Форс давлати мил. ав. 513 й. да Скифлар устига юриш қилиб, ўз мақсадига эриша олмаган. Аксинча Скифлар ахоманийларга тобе ерларга жавоб ҳужумлари уюштириб, уларни даҳшатга соладилар. Барча скифларнинг тили, дини ва урф одатларининг бир хил эканлиги манбаларда таъкидланади.

Скифлар давлати мил. ав. 5—4-а. ларда Азов денгизидан Дунай дарёсигача ҳудудларни бирлаштирган кучли ҳарбийдемократик давлат бўлсада, мил. ав. 3-а. нинг охирларида Дон ортидан келган сарматларнинг ҳужуми натижасида бир қисм ҳудудидан ажраб, анча заифлашади. Мил. 1-а. нинг 2-ярмида Скифлар бир неча бор Боспор подшолиги билан урушлар олиб бориб, ўзининг аввалги жанговарлик руҳини йўқотади ва ниҳоят мил. 3-а. да Скифия готлар томонидан тугатилди. Халқларнинг буюк кўчиши даврида Скифлар бошқа қабилалар таркибига сингиб, нафақат мустақиллик, балки этник хусусиятларини ҳам йўқотадилар.

Ад.: Геродот, История в девяти книгах, пер. с греческого, т. 1, кн. 1—4, Л., 1972; Граков Б. Н., Скифы, М., 1971; Григорьев В. В., О скифском народе саках, СПБ, 1871.

Аҳмадали Асқаров.