СКРИПКА

СКРИПКА (славянча скри — ғижирламоқ) — торли камонли мусиқа чолғу асбоби. Скрипкасимон чолғу асбоблари орасида (С, альт, виолончель, контрабас) етакчи, энг баланд регистрли соз. 4 та тори квинта интервали бўйича созланади. Диапазони 4 октавадан ошиқ. Умумий уз. — 600 мм. Скрипканинг классик шакли 15 —16-а. ларда Италия ва Францияда юзага келган. 17 — 18-а. ларда Шим. Италия, айниқса, Кремона усталари А. ва Н. Амати, Ж. Гварнери, А. Страдивари ва бошқалар Скрипканинг мукаммал намуналарини яратишган. Скрипкалар симфоник оркестр ва чолгу ансамбллар асосини ташкил қилади. 17 — 18-а. лардан Скрипкада якканавозлик санъати ривожланиб келмоқда, Скрипка мусиқаси яратилмоқда. Бу соҳада 19-а. да виртуоз скрипкачи ва машҳур композиторлар Н. Паганини, П. Сарасате ва б. нинг хизмати катта бўлди. 20-а. скрипкачиларидан Ф. Крейслер (Австрия), И. Менухин (Англия), И. Стерн, И. Перельман (АҚШ), А. С. Муттер (Германия), Ш. Минц (Исроил), Г. Шеринг (Мексика), Д. Ойстрах, Л. Коган, М. Венгеров (Россия), Г. Крем ер (Латвия) ва б. машҳур. Ўзбекистонда М. Рейсон, Н. Повер, В. Юденич ва б. скрипкачилар танилган. Ҳозирда ёш авлод ижрочиларидан Д. Холиқов, Н. Ҳошимов, Т. Яхшибоев ва б. халқаро танловларда ғалабаларга эришган. Ўзбекистон композиторлари Скрипка учун концертлар (Ик. Акбаров, С. Жалил ва б.), сонаталар (Г. Мушель, Н. Зокиров ва б.) каби асарлар яратишган. 20-а. бошидан ўзбек (Андижон мактаби ва б.) созандалари баъзида Сдан ғижжак ўрнида фойдаланишади.