СНАЙПЕР (инг. snipe — панадан отмок,) — махсус мўлжалга олиш мосламаси билан жиҳозланган қуролдан отиш, душмандан паналаниш ва уни кузатиш сирасрорларини эгаллаган мерган. С. номи 1-жаҳон уруши даврида инглиз армиясида пайдо бўлган, 2-жаҳон урушида кенг қўлланилган. Снайпер махсус жиҳозланган пана жой (позиция)дан туриб отади. Айрим ҳолларда Снайпер қоронғида кўриш ва кузатиш асбоби билан ҳам таъминланади. Снайпер 800 м гача узокликдаги нишонни пойлаши мумкин. Артиллерия, танк қўшинлари ва авиациядаги моҳир отувчилар ҳам Снайпер деб аталади. Ўзбекистонда қад. қўшинлардаги моҳир камончилар ва овчилар мерган деб аталган.