
СОБОЛЬ
СОБОЛЬ (Martes zibellina) — йиртқичлар туркумининг сувсарсимонлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвонлар тури. Уз. 32—58 см, урғочиси эркагидан кичикроқ. Думининг уз. 19 см гача. Жуни қалин, майин, чиройли, қорақўнғир рангда. Тинч океан соҳилларидан тортиб Шим. Уралгача бўлган тоғ текислик ўрмонлар (асосан, нинабаргли)да яшайди. Монголияда, Хитойнинг шим. шарқи, Корея ярим ороли ва Японияда ҳам тарқалган. Асосан, ерда ҳаёт кечиради. Дарахтга фақат хавф туғилганда чиқади. Уясини йиқилган дарахт ковакларига, кунда ва тошлар остига қуради. Йилда бир марта июнь — июль ойларида урчийди. Ҳомиладорлик даври анча узоқ (245—298 кун). Апрельмай ойларида 2—7 тадан бола тугади. Болалари 2—3 йилда вояга етади. Тутқунликда 15—18 йил яшайди. С ҳар хил ҳайвонлар ва ўсимликлар билан озикланади. Овланади. Қимматбаҳо мўйнаси учун кўп овланиши натижасида сони камайиб кетган. Ҳоз. Соболь сонини кўпайтириш учун махсус қўриқхоналар ва мўйначилик фермалари ташкил этилган.