СОЧМА КОНЛАР

СОЧМА КОНЛАР — туб конларининг физик ва кимёвий емирилишидан ҳосил бўлган тоғ жинслари, минераллари ва руда булакларининг ер юзаси айрим жойларида қайта тўпланиши. Сочма конлар кўчиш ва нураш жараёнларига чидамли бўлган минераллар (олмос, олтин, платина, кассетерит, монацит, рубин, сапфир, ильменит, циркон, каҳрабо ва б.) ҳосил қилади. Сочма конлар шагал қумтош ва қумлар тарқалган жойларда вужудга келади. Бу қимматбаҳо минералларнинг ўлчамига кўра, уларни қазиб олиш иқтисодий жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Пайдо бўлиш жараёнига кўра, эллювиал, делювиал, пролювиал, аллювиал, литорал, гляциал ва эол (бархан) турларига бўлинади. Ск. нинг айрим генетик турларда ҳосил бўлишидаги кетма-кетлик доимо сақланавермайди; баъзан бундай жараён олдинги босқичларнинг бирида тугайди. Ҳосил бўлиш вақтига кўра, қад. (мезозой, палеозой ва токембрий), одатда, қазиладиган тўртламчи (антропоген) ва ҳозирги Сочма конлар фарқ қилинади. Сочма конлар ётиш шароитига кўра юзадаги ва кўмилган; таркибига кўра бир ёки кўп минералли; тузилишига кўра бир қатламли ва кўп қатламли; шаклига кўра плашчсимон, қатламқатлам, линзасимон, уясимон Сочма конларга бўлинади. Сочма конларнинг узунлиги юзлаб м дан бир неча км га, эни бир неча м дан ўнлаб м га, қалинлиги эса бир неча см дан ўнлаб м га етади. Сочма конлардан 50% га яқин олмос, титан, олтин ва қалай, 10% ча платина, 100% титан минераллари ва кақрабо очиқ ёки ёпиқ усулда қазиб олинади. Кўп йиллаб тўнгиб ётган жойларда 10—15 м дан ортиқ чуқурликдаги Сочма конлар ва музи эриган жойларда 15—40 м дан ортиқ чуқурликдаги Сочма конларнинг фойдали казилмалари ёпиқ усулда қазиб олинади. Конларни механизациялаштирилган очиқ усулда қазиш кенг тарқалган бўлиб, бу усулда 15—18 м чуқурликдаги, драгалар ёрдамида эса 60 м гача чуқурликдаги фойдали қазилмалар қазиб олинади. Таркибида қум бўлган тоғ жинси гравитацион бойитиш қурилмасига тушади, унда тоғ жинси сув оқимида ювилади ва олтин, платина, олмос, оптик кварц ва б. кристаллари, рангли металлар концентратлари ажратиб олинади. РФ (Колима ва Чукотка) ва АҚШдаги (Аляска ва Калифорния) олтинли, ЖАРдаги олмос, Малайзия, Индонезия, Таиланд, Мьянманинг денгиз соҳилидаги касситерит, Украина, Австралия, Ҳиндистон, АҚШдаги титан минераллари, Намибиядаги олмос С. к. йирик конлар ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Нурота ва Чатқол тизмалари водийларида турли микёсдаги Сочма конлар мавжуд. Шим. Нурота тоғлари бағридаги Каттаич ва Окчоп сойлари ўзан ва қайирларидаги Сочма конлар олтин сочма конлари сирасига киради.

Loading...