СОФИЯ

СОФИЯБолгария пойтахти. София сойлигининг жан. чеккасида, Витоша тоғи этакларида, 530—650 м баландликда жойлашган. София вилоятининг маъмурий маркази. Банкя, НовиИскир ва б. шаҳарлар билан алохида маъмурий бирлик — Катта Софияни ташкил этади. Аҳолиси 1,09 млн. киши (2001). Иқлими мўътадил континентал иқлим, янв. нинг ўртача т-раси 2°, июлники 20°, йиллик ёғин 600—650 мм. Шаҳарнинг шарқий чеккасидан Искир дарёси оқиб ўтади, шаҳар атрофларида минерал булоклар бор. С. Ғарбий ва Марказий Европа давлатларини Яқин Шарқ мамлакатлари билан боғлаб турувчи водийлар орқали ўтган қад. йўллар устида жойлашган транспорт йўллари тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга.

Шаҳарга Сердика номи билан мил. ав. 1-а. да асос солинган ва Рим, кейинроқ Византияга қарашли Болқон ерларининг муҳим маъмурий маркази ва савдо пункта бўлган. 809 й. да Средец номи билан Биринчи болгар қироллиги (681—1018) таркибига кирди. 1018—1194 й. ларда Византия ҳукмронлиги остида бўлган. 14-а. охиридан София деб (Аё София черкови номидан) аталиб келинмоқда. 1382 й. да Софияни турклар босиб олди ва Румайла бекларбеклигининг қароргоҳига айлантирилди. 16—18-а. ларда С. Болқон я. о. нинг Истанбуддан кейин 2ўриндаги йирик ҳунармандчилик ва маданий маркази бўлган. 1877—78 й. ларда рус қўшинлари Софияни турклардан озод қилди. 1879 й. дан Болгария пойтахти.

С — мамлакатнинг иқтисодий, илмий ва маданий маркази. Мамлакатда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотининг 1/6 қисми Софияга тўғри келади. Машинасозликнинг турли соҳалари, хусусан, электротехника ва радиоэлектроника, станоксозлик ва приборсозлик, кўтарматранспорт жиҳозлари ишлаб чиқариш., рангли ва қора металлургия, кимё, резина, целлюлозақоғоз, полиграфия, озиқовқат, енгил саноат корхоналари фаолият кўрсатади. Болгария ФА, ун-т, интлар, геогр. жамияти, консерватория, бадиий галерея, археология, этнография ва б. музейлар, театрлар бор. Меъморий ёдгорликларидан Аё София черкови (5—6-а. лар), Александр Невский мақбараҳайкали (1904—12) ва б. сақланган.