СОЛ — 1) ўрмон хўжалигида — тайёрланган ёғочларни сувда оқизиш (ташиш) воситаси. Бирбирига арқон б-н бириктириладиган ғўлалардан иборат. Устига ёғоч таҳланади. Одатда, уни кема шатакка олади (сургайди), баъзан сув оқими билан сувда оқизилади. Дарё ва кўлда фойдаланиладиган С тўртбурчак шаклда бўлади, ҳажми (ташиладиган ёғоч ҳажми) 30 минг м3 га етади. Денгизда фойдаланиладиган Сол сигара шаклида бўлади, ҳажми 1,5 минг м3 га етади;
2) сув транспорти сифатида фойдаланиладиган платформа (супа). Бир неча ходани, қамишлар боғламини, сувда чўкмайдиган бочка ва яшикларни ёки пуфлама резина тагликларни бирбирига бириктириб, устига тахта супа тўшаб ясалади. Сдан, асосан, одамлар, машиналар ва юкларни сувнинг бир қирғоғидан иккинчисига ўтказиш учун фойдаланилади;
3) кема ёки самолётнинг қутқарув мажмуига кирадиган қутқарув воситаси.