СЎМ — 1) энг қадимги атамалардан бири бўлиб, Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида «С» пул солинган қопча (халта) маъносида қўлланилган. 14-а. да Олтин Ўрда хонлигида оғирлик бирлиги бўлиб, муайян оғирликдаги кумуш қуйма (ёмби) ни ифодалаган. 1920й. ларда, ЎзССР ташкил этилганидан кейин совет рубли банкнотлари ва хазина билетлари номиналида иттифоқдош республикаларнинг миллий тилларидаги пул бирликлари номлари, жумладан «сўм» номи ёзилган ҳолда чиқарилган рубль Ўзбекистон ҳудудида муомалада «С» деб аталган.
2) Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги. 1 С. қ 100 тийин. Халқаро ифодаси UZS. С. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг миллим валютасини муомалага киритиш тўғрисида»ги 1994 й. 16 июндаги фармони билан 1994 й. нинг 1 июлидан республика ҳудудида ягона, чекланмаган ва қонуний тўлов воситаси сифатида муомалага чиқарилган.
Муомалага 1994 й. да 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик, 1997 й. 1 мартдан 200 сўмлик, 2000 й. 1 июлдан 500 сўмлик, 2001 й. 1 сентябрдан 1000 сўмлик банкнотлар чиқарилган. Кейинчалик, 1, 5, 10, 25, 50 сўм қийматидаги тангалар муомалага киритилган. Қимматбаҳо металлар суви юритилган турли қийматдаги юбилей тангалар эса турли саналар нишонланиши муносабати билан ва нумизматик мақсадда чиқарилган (қ. Танга).
Сўмнинг муомалага киритилиши Ўзбекистон пул муомаласи ва ҳисобкитоблар тизимини ташкил этиш ҳамда республика иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Миллий валюта пул белгиларини муомалага чиқариш ва унинг барқарорлигини таъминлашни Ўзбекистон Республикасининг марказий банки амалга оширади.
Халқаро валюталар курси бўйича 1 АҚШ доллари 1020 сўм 07 тийин (2004 й.,июнь).
Файзулла Муллажонов.