СЎРОҚ

СЎРОҚ (ҳуқуқда) — шахсдан кўрсатув ва тушунтирув олиш воситаси. Сўроқни суриштирувчи, терговчи, прокурор; суд ишларини юритиш чоғида эса — суд олиб боради. Тергов ёки суд иши олиб борилаётган тилни тушунмайдиган шахс таржимон иштирокида Сўроқ қилинади. 16 ёшгача бўлган гувоҳ ва жабрланувчини Сўроқ қилишда унинг ота-оналаридан бири ёки бошқа қонуний вакили ва педагог иштирок этади. Гумон қилинувчи ва айбланувчи С. қилинганда унинг ҳимоячиси ҳозир бўлиши шарт. Сўроқ вақтида қийноққа солиш, зўравонлик, шафқатсизлик ёки инсон шаъни ва қадрқимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этиш жиноят ҳисобланади. Сўроқ қилинувчига унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши шарт. Вояга етган гувоҳ ва жабрланувчи С. да атайлаб ёлғон кўрсатув берса ёки кўрсатув беришдан бош тортса, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади. Қонун суд маслаҳатхонасида муҳокама қилинган ҳолатлар тўғрисида — судья ва халқ маслаҳатчисини, жиноят иши бўйича — ҳимоячи ва баъзи шахсларни Сўроқ қилишни тақиқлайди. Гумон қилинувчининг ва айбланувчининг яқин қариндошлари гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан С қилиниши мумкин. Сўроқ қилишнинг шартлари ва тартиблари Ўзбекистон Республикаси ЖПК нинг 96—124моддаларида батафсил белгиланган.

Loading...