СОЦИАЛИЗМ

СОЦИАЛИЗМ (лот. socialis — ижтимоий) — хусусий мулкни ижтимоий (умумий) мулкка айлантириш орқали эркинлик ва тенглик, бахт ва фаровонликка эришиш мумкин деб ҳисобловчи таълимот. С. тарафдорлари ана шу йўл билан қурилган ижтимоий тузумни идеал жамият деб ҳисоблаганлар. «Социализм» атамаси Францияда 19-а. нинг 30й. ларида истеъмолга кирган. Лекин ижтимоий адолат жамияти билан боғлиқ тасаввурлар «олтин аср» тўғрисидаги қад. ғояларга бориб тақалади. Бу ғояларнинг асосчиси Платон ҳисобланади. У «Сиёсат», «Давлат», «Қонунлар» каби асарларида моҳиятан Социализмга ўхшаш жамият тўғрисидаги фикрларни баён этган. Унинг ижтимоийлик лойиҳасини ўрганган Аристотель ўша вақтдаёқ хусусий мулкчиликни йўқотишга асосланган жамият тараққиёт йўлининг охири ҳалокатли эканлигини таъкидлаган. Умумий тенглик, «олтин аср» борасидаги ғоялар кейинчалик утопик (хаёлий) Социализмнинг турлича кўринишларида ўз ифодасини топди. К. Маркс ва Ф. Энгельс ишлаб чиққан илмий Социализм деб аталмиш назарияга кўра, Социализм коммунизмнинг қуйи фазаси ҳисобланади. Социализмга икки хил йўл билан эришиш мумкин деб қаровчилар бўлган. Мас, Т. Мор (1478 — 1535), Т. Кампанелла, Г. Б. Мабли (170985), Морелли (18-а.), Н. Чернўшевский, А. Бебель ва б. уни тинч йўл билан амалга ошириш тарафдори бўлган. Г. Бабёф (176097), М. Бакунин, К. Маркс, Париж коммунарлари, В. И. Ленин ва б. қуролли қўзғолон йўлини илгари суришди.

Социализмда инсон хусусий мулкдан тамоман ажратилади. Оқибатда инсон ўз индивидуал хусусиятларидан ҳам маҳрум этилади. У «омма»га айланиб, ўз «мени»ни йўқотади. Жамиятда зўравонлик, тобелик кучаяди. 20-а. 20й. ларининг охири — 30й. ларининг бошида СССРда, 2-жаҳон урушидан кейин эса бошқа мамлакатлар (жаҳон социалистик тизими)да ҳам тоталитар тузумнинг қарор топиши туфайли Социализм тўғрисидаги тасаввурлар дунёнинг муайян қисмида ёйилди. Давлат мулкининг монополияси, директивали марказлашган режалаштириш, шунингдек, қонунсизликни, ўзгача фикрловчиларга тоқатсизликни кучайтирган юқори қатламнинг диктатураси социалистик (реал С, етук, ривожланган Социализм) деб аталган бундай тузумга хос белгилар эди. Тоталитар режимнинг ҳукмронлиги иқтисодий, сиёсий ва маънавий бўҳронга, дунёнинг ривожланган мамлакатларидан орқада қолиб кетишга, жаҳон цивилизациясидан айри ҳолда яшашга олиб келди. Ўзбекистон ҳам шундай жараёндан четда қолмади. Бу ерда ҳам деҳқонлар, ҳунармандлар, савдогарлар, эркин касб эгалари тугата борилди. Зўрлик асосига қурилган қулоқ қилиш, жамоалаштириш сиёсати, бошқа кўринишдаги қатағонларни Социализм қуриш йўлидаги қонуний жараён сифатида асослашга уринилди. Айрим мамлакатларга, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан «капитализмни четлаб Социализмга ўтиш» мумкинлиги тўғрисидаги сохта таълимот ҳам ўйлаб топилди.

20-а. нинг 80й. лари охири — 90й. лари бошида СССРда ва б. мамлакатларда бошланган ўзгаришлар бозор иқтисодиётига ва демократик жамиятга ўтишга қаратилди. Мустақиллик жамият аъзолари учун ягона ижтимоий мулкчиликни қарор топтириш йўлидаги барча уринишларга барҳам берди. Ибодулла Эргашев.

Loading...